1

Ўзбекистонда Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари биринчи форуми бўлиб ўтмоқда

ЖАМИЯТ 16.01.2020, 21:21
Ўзбекистонда Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари биринчи форуми бўлиб ўтмоқда

Пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари биринчи форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди

Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори - А.Х. Саидов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси А.Э. Бурхонов, Халқаро истеъмолчилар ташкилоти “Consumer International” президенти Маримут Надасон ва Халқаро Истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси раиси (КонфОП) - Д. Янин табрик сўзлари билан иштирок этдилар. 

Форумнинг очилиш кунида “Туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” Биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис ишида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК стандартлаштириш бўлими бошлиғи А.Султонов иштирок этди.

Ўз тақдимоти давомида Султонов Ўзбекистонда туристлар ва экскурсантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар тўғрисида гапириб ўтди. 

“Истеъмолчилар: туристлар, экскурсантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мамлакатда туризмни ривожлантиришда асосий ўринда туради, чунки туризм - бу меҳмондустлик фаолияти ҳисобланади. Меҳмондўстлик эса меҳмонларни илиқ кутиб олиш, тинч-тотувлик, тўкинчилик ва хавфсизликка асосланади” - деб таъкидлаб ўтди А.Султонов.

“Туризм тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ туристларнинг, экскурсантларнинг ва туризм соҳаси субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги соҳадаги асос бўлувчи принциплардан бири ҳисобланади. 

Туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳисобланади ва у ўз навбатида: 

- туристик хизматларни ташкил этиш чоғида туристлар ва экскурсантларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соғлиғини сақлаш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар ишлаб чиқади; 

- туристлар ва экскурсантларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган туристик ресурслар ҳамда алоқа воситаларидан монеликсиз фойдаланишини таъминлашга, шунингдек тиббий, ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдам олишига кўмаклашади; 

- туристик хизматлар кўрсатиш сифати ва хавфсизлиги стандартларининг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради. 

Юқорида қайд этилган қонун билан туристлар ва экскурсантларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади. Шунингдек саёҳатчиларнинг хавфсизлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4229-сонли Қарори ва Ўзбекистон Республикаси вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 939-сонли Қарори билан белгиланади ва тартибга солинади. 

Тақдимот давомида А.Султонов туризм хизматларини сертификатлаштириш масалаларини ёритиб ўтди. Туризм хизматларини сертификатлаштириш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни асосий омилларидан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туризм хизматларини сертификатлаштириш Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тузилмасига кирувчи “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июндаги 355-сонли Қарори билан тасдиқланган “Туроператор ва меҳмонхона хизматларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисида Низом” га мувофиқ “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан туроператор ва меҳмонхона хизматларини сертификатлаштириш, жойлаштириш воситаларига тоифа бериш ҳамда сертификатлаштирилган туроператор ва меҳмонхона хизматларининг стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигининг инспекция назорати амалга оширилади.

Тақдимот давомида туризм соҳасидаги давлат стандартларининг роли таъкидлаб ўтилди. Давлат стандартларида истеъмолчиларни ҳимоя қилишнинг асосий тамойиллари бу ҳавфсизлик ва сифатдир, яъни ҳар қандай сифатли махсулот ёки хизмат хафвсизликка асосланган бўлиши керак. Давлат стандартлари жойлаштириш воситалари ва уларда тақдим қилинадиган хизматларга доир умумий талабларни, туристик ахборот марказлари тақдим қиладиган хизматлар сифатига доир талабларни, тартибга солувчи давлат органлари лаёқатига кирувчи мажбурий талабларни ва жойлаштириш воситаларини сертификатлаштириш вақтида қўлланиладиган талабларни белгилайди. Шунингдек туризм соҳасида навигация тизимининг ахборот белгиларига доир талабларни, туристик объектларни бошқариш учун тавсиялар ва талабларни белгилайди.

Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари биринчи форуми 15 – 18 январь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади. Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши аъзолари, ҳамкорлик ташкилотлари хорижий делегациялари вакиллари, Федерация тузилмасининг раҳбарлари, мансабдор шахслари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этадилар. Тадбирни Халқаро Истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси (КонфОП), Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташкиллаштирди.  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1