2020 йил 16 январь куни тахминан соат 11:30 ларда, Зарбдор тумани Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган “Gaz manbai” МЧЖга қарашли автомобилларга суюлтирилган газ (пропан) қуйиш шаҳобчасида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар бергандик.
Портлаш пропан газ сақланаётган цистерна ёнида, МЧЖда оператор бўлиб ишлаган 40 ёшли Ш.А. темирларни кесиш мосламаси(болгарка)ни ишлатаётган вақтида чақнаш содир бўлиши оқибатида юза келган. Оқибатда 2,5 тонна суюлтирилган газ сақланаётган цистерна портлаган.
Натижада фуқаро 40 ёшли Ш.А. ҳодиса жойида вафот этган, МЧЖ директори 44 ёшли Э.И. эса турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида хабар бермоқда.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






