АсосийJamiyat

Адлия вазирлигидан ажойиб ташаббус: иш вақти тугагандан кейин барча компьютерлар ўчирилади!

'Адлия вазирлигидан ажойиб ташаббус: иш вақти тугагандан кейин барча компьютерлар ўчирилади!'ning rasmi

Адлия вазирлигида иш вақти тугагандан кейин барча компьютерлар тармоқдан ўчирилмоқда. Жаҳон тажрибаси асосида ходимларнинг меҳнат қонунчилиги асосида ишлашларини таъминлаш мақсадида шундай қорорга келинди. Бу янги тартиб ҳақида "Ҳуқуқий ахборот" канали маълумот берди.

"Меҳнат қонунчилиги, иш режими меъёрлари йиллар давомидаги илмий ва амалий тадқиқотлар асосида инсон эҳтиёжи ва имкониятларидан келиб чиқиб шакллантирилган, бу меъёрлар миллионлаган ишчи ва меҳнатчиларнинг ҳаёт сифатига таъсир қилади.  

Шундай бўлса-да, кўплаб мамлакатларда, жумладан хусусий ташкилотларда узоқ иш режимларида ишлаш муаммоси мавжуд. Ўзбекистонда ҳам иш вақти муаммоси мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас", деб ёзилади хабарда.

Кузатишларга кўра, ортиқча ишлаш қандайдир маънода режаларнинг тез бажарилишига хизмат қилса ҳам, самарали меҳнат ва сермазмун ҳаётни йўлга қўйишга салбий таъсир кўрсатади. Хусусан:  

•  ходимларнинг меҳнат унумдорлиги пасайишига;  

• иш вақтининг нотўғри режалаштирилишига;  

•  энергия ресурсларнинг ортиқча сарф бўлишига;  

•  ходимнинг оилавий муаммоларга дуч келишига ва ижтимоий кўникмаларига салбий таъсир қилишига олиб келади.  

Якшанба куни ишга чиқишга рухсат берилмайди

Шу сабабли юқоридаги муаммоларни инобатга олиб, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, Адлия вазирлиги меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.

Ушбу дастурнинг битта тадбири сифатида ходимларни кун мобайнида ўз фаолиятини тўғри режалаштириш юзасидан тушунтиришлар берилиб, тайм менежментнинг янги замонавий моделларидан фойдаланиш илгари сурилмоқда.

Ходимлар иш вақти тугагандан кейин ўз фаолиятини тугатиши талаб этилмоқда. Энг кескин чора сифатида эса принципал ёндашув асосида иш куни охирида барча ходимларнинг хизмат компьютерлари автоматик равишда тармоқдан узиб қўйилмоқда. Мазкур ҳолатда ходим ўз-ўзидан ишини тугатишига тўғри келади.  

Бундан ташқари, якшанба куни ходимларни ишга чиқиши тақиқланган. Бу талабнинг бажарилиши қатъий назорат қилинмоқда. Яъни, ходим кўрсатмага амал қилмасса, ишга келса ҳам бинога киритилмайди.

Мазкур чоралар натижасида ходимлар иш вақтидан унумли фойдаланишга ҳамда меҳнат жараёнини оптимал режалаштиришга мажбур бўлишмоқда ва бу ўз мевасини бермоқда.  

Ўз вақтида оиласи бағрига қайтган, етарлича дам олиб, позитив энергияга эга бўлган ходимларнинг меҳнат самарадорлиги ортиши исботланган.  

Ҳозирда вазирликда кадрлар билан ишлашнинг замонавий KPI тизими асосида иш ташкил этилиб, ҳар бир ходимнинг меҳнат самарадорлиги индивидуал равишда баҳолаб борилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида иш жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз

Бошқа янгиликлар