1

Самарқандда 2019 йилда қарийб 330 миллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилган

ИҚТИСОДИЁТ 21.01.2020, 10:43
Самарқандда 2019 йилда қарийб 330 миллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилган

Самарқанд шаҳрида 2019 йилда жами 329,9 миллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилган бўлиб, шундан 304,1 миллиард сўм маблағ ундирилган ёки товар маҳсулотига нисбатан 92,1 фоизга бажарилган. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, Самарқанд шаҳри республикамизнинг аҳоли энг кўп электр энергияси истеъмол қиладиган ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, сўнгги йилларда шаҳарга маҳаллий ва хорижий туристлар оқимининг кўпайишини ҳисобга олсак, шаҳар инфратузилмаси ҳамда хизмат кўрсатиш тармоғининг ривожида электр энергиясининг нечоғлик муҳимлигини англаш қийин эмас. Шу сабабли соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни айнан Самарқанд шаҳрида олиб бориш устувор масала ҳисобланади.

Шундай бўлсада, яратилган шарт-шароитларга қарамасдан, Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбарияти томонидан тизимда бир қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, ҳудудда дебитор қарздорлик 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига 111,6 миллиард сўм бўлиб, шундан аҳолининг бу борадаги қарздорлиги 94,9 миллиард сўмни ташкил этади. 

Шаҳар истеъмолчиларига АСКУЭ тизимига уланган замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилишига қарамасдан, тизимни ишлатиш, дебитор қарздорликнинг ошиши бўйича ҳамда йўл қўйилган қатор камчиликлари учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раиси томонидан Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбари фаолиятига танқидий баҳо берилиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 

Унинг ўрнига кўп йиллик энергетика соҳасида тажрибага эга бўлган, энергетика фахрийси, кўкрак нишон эгаси, аввалари “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ техник директори лавозимида ишлаган, ҳозирги кунда техник директор ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Комилжон Оқилов Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбари этиб тайинланди ва Сиёб, Темирйўл, Боғишамол ҳудудлари тугатилиб, истеъмолчилар билан ҳисоб-китоби бўйича ягона Самарқанд шаҳар электр таъминоти тизими яратилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1