2020 йил 20 январь куни соат 14:20 ларда Самарқандда ижро ҳаракатларини амалга ошираётган МИБ ходимларига қаршилик қилган аёл уларни ёқиб юборди. Бу ҳақда “darakchi.uz”га Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Б. ҳамкасблари билан иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 12.09.2019 йилдаги ижро ҳужжатига асосан, даъвогар шаҳар хокимлиги ва қўшимча даъвогар “SV” МЧЖ фойдасига жавобгар, 1978 йилда туғилган Д.Р.ни уй-жойдан чиқариш юзасидан Самарқанд шаҳри, Навоийшоҳ кўчаси 49-уй, 16-хонадонга келишади.
МИБ ходимларининг ижро ҳаракатларини амалга ошириши жараёнида, ушбу хонадонда рўйхатда турувчи Д.Р. уй-жойдан чиқишдан бош тортади. Аёл МИБ ходимларининг фаолиятига қаршилик кўрсатиб, уларни устига бензин ёқилғисини сепиб, қўлида ёниб турган сочиқни уларнинг устига улоқтириб юборади. Бу орқали жавобгар МИБ ходимларини хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбур қилади.
Маълум қилинишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 21 январь куни шаҳар прокуратураси томонидан Д.Р.га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.