1

Китобликлар ёғингарчиликни нега ёмон кўради? Ёхуд Китоб кўчалари қачон "китоб"ларда ёзилганидек бўлади? (фото)

ЖАМИЯТ 23.01.2020, 14:03
Китобликлар ёғингарчиликни нега ёмон кўради? Ёхуд Китоб кўчалари қачон "китоб"ларда ёзилганидек бўлади? (фото)

Қашқадарё вилояти Китоб тумани. Довонга яқин, салқин мавсумларда ёғингарчилик кўп бўладиган Республиканинг энг сўлим ҳудудларидан бири. Бироқ, китобликлар ёғингарчилик мавсумини ёмон кўришади.

Сиз суратда кўриб турган бу манзара — бу йўллар Қашқадарё вилояти Китоб туманининг чеккароқ ҳудуди эмас, шаҳар марказида жойлашган энг серқатнов, асосий кўчаларидан бири. Йилларки йўлларнинг носозлигидан азият чекиб келаётган китобликларнинг айтишича, ёғингарчилик мавсуми келишидан уларнинг юраклари зириллаб қолган. 

Шаҳарнинг бир қанча, хусусан энг катта маҳаллалардан бир бўлган “Халқлар дўстлиги” маҳалласидан ўтувчи, марказий қатнов йўли бўлган кўчаларнинг барчасида аҳвол ачинарли. Бу йўллардан нафақат шу маҳаллада яшовчилар қатнайди, балки, айни пайтда марказий деҳқон бозорига олиб борувчи асосий йўл ҳамдир. Кенг кўчанинг бир томонида туман юқумли касалликлар шифохонаси, иккинчи томонда эса янгидан қад ростлаган савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари жойлашган. 

Юқоридаги манзара туман “Тез ёрдам” бўлимининг олди, ёнида эса туман туғруқ бўлими жойлашган. Беморларга тез тиббий ёрдам ана шундай “шароит” устида олиб борилади.

“Бу ердан доимий қатнайдиган машиналарнинг аҳволини, ҳайдовчилар ва туманимиздаги машина таъмирлаш усталари яхши билади”, дейди ўша ҳудудда кира қиладиган йигитлардан бири. 

Энг ачинарлиси эса, ана шу кўчалардан ҳар куни юзлаб болалар мактабга қатнайди. Манзарани кузата туриб, бу йўллар нафақат ёғингарчилик мавсумида, балки иссиқ кунларда ҳам ҳудуд аҳолиси учун “дард” эканлигини кўриш мумкин. Асфальт кўринмай кетган бу баланд-пастликлар ёзнинг жазирамасида қанчалар чанг ва тупроқ кўтаришини изоҳлашга ҳожат ҳам йўқ.

Ҳудуд аҳолисининг маълум қилишича, мавжуд аҳволни тўлиқ ҳис қилиш учун, бир марта “Халқлар дўстлиги” маҳалласидан кириб, “Гулистон” маҳалласидан чиқиб кетишнинг ўзи кифоя экан. 

Биз ҳам туман ва вилоят масъулларини Китоб кўчаларига таклиф қиламиз. Шунингдек, улардан халқ мурожаатларига муносабат ҳам кутиб қоламиз. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1