1

Фарғонада бемор қиз ва унинг онаси тиббиёт ходимларига тажовуз қилиб, ҳамширага жароҳат етказди

ЖАМИЯТ 29.01.2020, 12:01
Фарғонада бемор қиз ва унинг онаси тиббиёт ходимларига тажовуз қилиб, ҳамширага жароҳат етказди

Жорий йил 28 январь куни Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолати юз берди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Жароҳатланган ҳамширанинг ҳолати акс этган сурат тезда ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўляпти. Ушбу вазият Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилди.

Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, воқеа ультратовуш текшируви (УТТ) ўтказиладиган хонада юз берган. Ультратовуш текшируви ўтказувчи шифокор Машҳура Тошматова ва унга бириктирилган ҳамшира Матлуба Маъмурова одатдагидек беморларни навбат билан қабул қилишаётган эди...

– Фуқароларни навбат билан қабул қилиб текширувдан ўтказаётган эдик, – дейди шифокор Машҳура Тошматова. – Навбат 1992 йилда туғилган бемор қизга етиб келганида, у билан бирга хонага ёш бола кўтарган она ҳам кирди. Ёш болали аёл боласи касаллиги, инжиқлик қилиб тинимсиз йиғлаётгани, ташқарида ҳам 3 ёшли фарзанди совуқда изиллаб тургани, иккита бола билан қийналиб кетганини айтиб, навбатсиз кўрикдан ўтказиб қўйишни илтимос қилди. Шунда мен навбати етиб кирган қизга “Агар рози бўлсангиз шу болали аёлни сиздан олдин кўриб қўйсам”, деб рухсат сўрадим. Қиз эса таклифимга кўнмай, ўзининг касал эканини айтиб, навбатини бермади. Шу боис унинг ўзини текширишни бошладим. Шу жараёнда қизга ёш болали аёлга навбатини берса, қанчалик савоб иш қилган бўлиши мумкинлигини тушунтириб насиҳат қилдим.

Маълум бўлишича, шифокор қизни пухта текширувдан ўтказиб, белгиланган тартибда ташхисни ёзиб беради. Қиз эса эшитган насиҳатдан асабийлашиб, хонадан чиқиб кетади. Кўп ўтмай хонага ёши катта бир аёл билан кириб келади. Аёл унинг онаси бўлиб, биргаликда тиббий кўрикдан ўтгани келишган экан.

Аёл УТТ хонасига кирибоқ “Нега қизимни ҳақорат қиласанлар?” деб бақира бошлайди. Тиббиёт ходимлари вазиятни ҳарчанд тушунтиришса ҳам, аёл уларни эшитмай УТТ шифокорига электр чойнакни отиб юборади. Шунда ҳамшира аёлни тинчлантирмоқчи бўлиб, унинг ёнига келганида жазавага тушган она ва бола ҳамширага очиқчасига тажовуз қилиб, қўли билан уриб, оёқлари билан тепиб тан жароҳати етказади. Тўполонни эшитиб бошқа ходимлар хонага чиқиб, она ва болани ташқарига базўр олиб чиқиб кетадилар. Поликлиника маъмурияти дарҳол тез тиббий ёрдам бўлимига, воқеа ҳақида профилактика инспекторига хабар беришди.

Тез ёрдам машинаси келиб, юзи қонга беланиб, ҳушидан кетган ҳамширани ўзига келтириб, биринчи ёрдам кўрсатгач, оғир ҳолатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб кетишади.

Филиалда беморни нейрохирург ва бошқа малакали мутахассислар иштирокида кўрикдан ўтказилиб, “Ёпиқ калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суяги синиши, бурундан қон кетиши” ташхиси билан нейрохирургия бўлимига стационар даволаниш учун ётқизилди. Ҳозирда малакали шифокорлар томонидан беморга зарур даво муолажалари амалга оширилмоқда.

Ҳудуд профилактика инспектори, лейтенант Абдували Қўчқоровнинг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича зарур ҳужжатлар юритилиб, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, юқоридаги жанжалкаш она-бола томонидан ўтган йил 18 январь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали 3-тез тиббий ёрдами подстанцияси ҳамшираси Дилафрўз Бозоровани ҳам сабабсиз ҳақорат қилиб, таҳдид қилганда аранг қочиб қолганлиги қайд этилган. Ушбу ҳолатга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган эди. Ўйлаймизки, бу сафар мазкур воқеага тез орада ҳуқуқий баҳо берилади.

Жорий йил 24 январь куни Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасида ҳам барча соҳа ва йўналишлар ҳақида тўхталар экан, тиббиёт ходимларининг мақоми ва обрўини ошириш кераклигига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимларига нисбатан бўлаётган зўравонликларга тўхталиб, бу бизнинг менталитетимизга умуман тўғри келмаслигини, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини, шу боис, шифокорларнинг мақоми ва обрўини ошириш шартлигига урғу бердилар. 

Дарҳақиқат, кимгадир тажовуз қилишга, айниқса вазифасини бажараётган ва диққат эътибори беморда бўлган шифокорга нисбатан самосуд уюштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Фуқароларимиз ҳам инсонлар саломатлиги йўлида кун-у тун хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрлаши ва бу борада қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишга ўз ҳиссаларини қўшишса, айни муддао бўларди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1