Қашқадарёда бировнинг автомобилини ўғирлаган кимса йўл автотранспорт ҳодисасини содир қилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Воқеа шундай содир бўлди: 2020 йил 26 январь куни тахминан соат 18:50ларда 37 ёшли А.Ю. исмли шахс маст ҳолда, Қарши шаҳар, 7-кичик тумандаги уйлар олдида турган фуқаро А.Х.га тегишли “Nexia-2” русумли автомашинани номаълум томонга ҳайдаб кетган. У машинани олди чап томон эшиги ойнасини синдириш йўли билан очгани маълум бўлди.
Бироқ машина ўғриси узоққа бормади. Шу куни соат 20:00да, маст ҳолатда бўлган А.Ю., “Nexia-2” русумли автомашинада Мустақиллик шоҳ кўчасида ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган “Nexia-3” русумли автомашинага урилиши оқибатида тўхташга мажбур бўлди. "Nexia-3” автомобилини 28 ёшли М.М.нинг бошқариб келаётган бўлган. Бундан ташқари "уддабурон" ҳайдовчи йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келаётган 38 ёшли Ш.А.нинг бошқарувидаги “Lacetti” русумли автомашина билан ҳам тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Оқибатда А.Ю. турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро А.Ю.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси
2-қисми “г” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.