Тошкент шаҳрида “Ўзбек киноси: яқин ва истиқболли вазифалар, ривожланиш тамойиллари” республика кинофоруми ўтказилди. Унда ўзбек кинематографиясини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва “Кинематография тўғрисида”ги Қонун бўйича таклиф ва мулоҳазалар атрофлича муҳокама қилинди. Бундан ташқари тадбир иштирокчилари сифатли миллий кинофильмларни суратга олиш бўйича ҳам ўз ғояларини таклиф этдилар.
Форумда муҳокама этилган мавзулар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 январда Олий Мажлисга қарата йўллаган мурожаатномасидаги ташаббуслардан келиб чиқиб белгиланган.
Мамлакатимиз раҳбари ўз мурожаатида кинематография соҳасида замонавий киноиндустрияни ривожлантириш, янги кинотеатрларни барпо этиш, юқори сифатли бадиий киноасарлар яратиш зарурлигини айтди.
«Жорий йилда давлат буюртмаси асосида кинематография маҳсулотларини ишлаб чиқариш тизими такомиллаштирилади. Шу муносабат билан 2030 йилгача кинематографияни ривожлантириш Концепцияси ҳамда “Кинематография тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш зарур”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Форум қатнашчилари – ўзбекистонлик режиссёрлар, продюсерлар, давлат ва хусусий киностудиялари вакиллари ҳамда киноактёрлар бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов форумда Президентнинг соҳани юксалтиришга қаратилган ташаббуслари миллий кинематография ривожида муҳим босқич бўлишини таъкидлади.
– Бу ҳужжатлар раҳбарлар кабинетларида эмас, бевосита киноиндустрияси бозори вакиллари, экспертлар, мутахассислар, соҳага тўғридан-тўғри алоқадор, унинг нозик ва ўзига хос жиҳатларидан бохабар бўлган инсонлар иштирокида ишлаб чиқилиши керак», – деди Фирдавс Абдухолиқов.
Киночилар ҳаётидаги яна бир муҳим янгилик – кино саноатининг ҳар бир йўналиши бўйича жамоатчилик кенгашларини тузилади.
«Жамоатчилик кенгашлари давлат ва кино арбоблари ўртасидаги илк кўприк бўлади. Жорий йилда ушбу кенгашлар базасида турли уюшмалар тузишни режалаштиряпмиз. Улар ишчи-ходимларнинг манфаатларини давлат миқёсида ҳимоя қилади», – деди жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев.
Кинофорум қатнашчилари бошқа бир қатор долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилишди.
– Қонунчилигимизда «миллий фильм» мақоми мавжуд эмас. Янги қонун лойиҳасига биз ушбу атамани киритишни таклиф қиламиз. Бундай мақомга лойиқ деб топилган фильмлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади, – деди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ахборот-коммуникация технологиялари бўлими бошлиғи Баходир Муҳамедов.
Форум иштирокчилари нафақат юртимизда, балки жаҳон кинематографиясида оғриқли муаммо – муаллифлик ҳуқуқи мавзусини ҳам кўтаришди.
– Бизнинг кинематографчиларимиз олдида интеллектуал мулк ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи ҳам турибди, – деди режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов. – Фильмлар прокатга чиқиб улгурмасидан, қароқчилар уларнинг нусхаларини бемалол бозорларда сотишни бошлашади. Интернетда CamRip форматидаги видеолар пайдо бўлади. Уларни кинотетрлардан камераларга ёзиб олиб тарқатишади. Кейинги вақтда бундай “экранка”лар прокатнинг илк кунидаёқ пайдо бўляпти. Шу муносабат билан кинотеатрларнинг масъулиятини ошириш зарур. Шунингдек кинозалларда оптик ёки ёзиб олувчи махсус ускуналарни сотиб олиш масаласини ҳам ҳал қилиш лозим. Бу масала янги қонун лойиҳасида ҳам акс этиши керак.
Шунингдек форум қатнашчилари томонидан кино соҳасида профессионал кадрлар малакасини ошириш масаласи ҳам муҳокама қилишди.
Режиссёр Дилмурод Масаидов таъкидлганидек, киношунослик мактабини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, унинг кадрлар таркибини мустаҳкамлаш зарур: «Биз тажрибали операторлар ва режиссёрларга эҳтиёж сезяпмиз. Яхши кино ва кинобозорида ривожланиб келаётган рақобат биздан экстра-класс тоифасидаги профессиналларни талаб қилмоқда. Тан олиш керак, биз хорижий кино таъсирига тушиб қолганмиз. Ўзимиз нима қила оламиз? Олдимизда турган асосий масала мутахассисларимизнинг малакасини ошириш, шу жумладан уларни Европа, Россия, Ҳиндистон каби мамлакатларга юбориб ўқитиш, келгусида кинематография институтини ташкил қилишдан иборат, –деди у.
Форумда ўртага ташланган масалаларни Ўзбекистонда 2030 йилгача кино соҳасини ривожлантириш Концепциясига киритиш таклиф қилинди. Долзарб масалалар орасида киноиндустрия соҳаси ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг профессионал малакасини ошириш, кино мактаби ва продюсерлар йўқлиги, кинотеатрлар барпо этиш, кинопрокатчилар ва телеканалларнинг асл кино маҳсулотларини тўлиқ ҳажмда, эфир муҳаррирлари аралашувисиз намойиш қилиш бўйича масъулиятини ошириш каби масалалар ҳам муҳокама этилди.
Иштирокчилар томонидан мамлакат кино индустриясини ривожлантиришнинг бошқа масалалари борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.