1

Шаръий никоҳдаги хотиннинг талаби билан эр собиқ хотинини чўкиб ўлишига сабабчи бўлди...

ЖИНОЯТ 05.02.2020, 13:25
Шаръий никоҳдаги хотиннинг талаби билан эр собиқ хотинини чўкиб ўлишига сабабчи бўлди...

Муқаддам 3 йил озодликдан маҳрум қилинган 30 ёшли йигит 2011 йилда қонуний никоҳдан ўтиб оила қурган. Икки нафар фарзандли бўлади. 2013 йил декабрнинг охирларида эр-хотин келишмовчилик оқибатида ажрашишади. Риштон туманлараро судининг 2014 йил 21 январдаги суд буйруғига асосан аёлга икки нафар фарзандининг таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлса-да, 2019 йил 1 апрелга қадар 22.260.204 сўм алиментдан бўлган қарздорликни тўламаган. Бағдод туман маъмурий судининг 2019 йил 18 апрелдаги қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Аёлнинг собиқ эридан алимент пулларини тўлиқ олгани тўғрисидаги тилхатига асосан 19 апрелда маъмурий қамоқдан озод этилган...

Ота маъмурий қамоқдан озод этилгач, 2018 йил мартдан шаръий никоҳидаги муқаддам 2 бор судланган, оиласи билан ажрашган, бир нафар фарзанди бор 29 ёшли аёл билан биргаликда режа тузишади. Мақсад собиқ хотинини ўлдириб, қарздорликдан қутулиш эди. Жиноий шерик бўлган аёл 2019 йил 20 апрелда кечки пайт ўзи фойдаланаётган телефон рақамини сотиш юзасидан “эри”нинг собиқ хотини билан учрашади.

— Яшаш манзилим йўқ, шароитим оғир, — дейди телефон рақам сотиб олишга келган аёл.

Вазиятдан фойдаланган шаръий никоҳдаги аёл “менинг уйимда бирга яшашингиз мумкин”, дея онани қизи билан машинага ўтказади. Учкўприк туман марказида кутиб турган эрнинг ёнига боришади. У ҳам машинага ўтиргач, Учуй қишлоғидаги уйи томон йўлга тушишади. Йўлда собиқ хотини билан ўзаро жанжаллашиб, унинг юзига уришади. Машинадан тушириб, қўлларини боғлашга ҳаракат қилишиб, юзига сирка кислотасини сепишади.

Шу куни соат 23:00 ларда улар машинадан тушиб қолиб шаръий никоҳдаги эр-хотин собиқ хотинни қасддан ўлдириш мақсадида аёлни қийнаб, “Катта Фарғона канали”га ташлаб юборишади. Аёлни ўта шафқатсизлик билан ўлдиргач, марҳуманинг сумкасидаги қўл телефон аппаратини ўғирлашади. 23 апрелда Қўқондаги Янгибозор ҳудудида телефонни 400.000 сўмга сотишади.

2019 йил 3 майда “Катта Фарғона канали”дан аёлнинг мурдаси қўллари орқага аёллар рўмоли билан боғланган ҳолда топилган.

“ҚЎРҚУВДА ҚИЗИМНИНГ ОЛДИДАН КЕТМАДИМ”

Судланувчи ота судда айбига қисман иқрор бўлган...

— Ажрашган бўлсак-да, кейинроқ яна ярашиб бирга яшадик. Лекин хотиним телефонда бегоналар билан гаплашганини билиб қолиб, яшамай қўйдим. 2019 йил бошларида алиментдан қарзим сабаб, 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтадим. Бир аёл билан шаърий никоҳдан ўтиб яшай бошладим.

Сўнг 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортилганимнинг эртасига қамоқдан қўйиб юборишди. Хотиним “жаримани тўладим. Собиқ хотинингизни ўлдириб қутулмасак, яна қаматиб юборади”, деди. Шу куни кечаси хотиним собиқ рафиқам билан телефонда гаплашиб, телефон рақамини унга сотишни таклиф қилди... 

Йўлда ҳайдовчи собиқ хотинимга тегажоғлик қилса ҳам у эътироз билдирмади. Жаҳл устида бир-икки юзига урдим. Хотиним сирка кислотасини юз-кўзига сепди. Ҳайдовчи бизни ажратди...

Собиқ хотинимни қўлларини боғлаб, тирик ҳолатида каналга ташлаб юбордик. У бироз каналда оқиб, кўприк тагидаги бетонга тиралиб қолди. Қутқармоқчи бўлганимда рафиқам: “мени ёки уни танланг”, деди. Канал қирғоғида ухлаб ётган қизимни ҳам каналга ташлаб юбормасин, деган қўрқувда қизимнинг олдидан кетмадим. Шу боис собиқ хотинимни қутқармадим, у чўкиб кетди...

 

“ТИРИКЛАЙИН КАНАЛГА ТАШЛАБ ЎЛДИРИШГАНИНИ БИЛДИМ”

Жабрланувчининг вакили:

— Марҳума қизим ижарага олган уйда набирам учаламиз бирга яшардик. 2019 йил 20 апрелда МФЙ раиси қўнғироқ қилиб, “Қўқон шаҳри марказида ўзини қизингизнинг кундоши, деб таништирган аёл набирангизни ташлаб кетди. Қизингиз Россияга ишлашга кетганини айтди”, деди. Бир неча кун ўтиб, собиқ куёвим қўнғироқ қилиб, “қизингизни топа олмаяпман, топиб беринг”, деди...

3 майда ИИБ ходимлари қўнғироқ қилиб, “зудлик билан Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертизаси бўлимига етиб келинг”, дейишди. Боргач, қизимнинг мурдасини каналдан топишганини айтишди. Бир неча кун ўтиб, қизимнинг собиқ турмуш ўртоғи ва шаръий никоҳдаги хотини тириклайин каналга ташлаб ўлдиришганини билдим.

Бекзод ЭРГАШЕВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона   вилоят суди судьяси: 

— Судланувчилар ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж, и, п” бандлари, 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилди. Судланувчи эркакка узил-кесил 19 йил, аёлга эса узил-кесил 13 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жабрланувчининг вакили даъвоси қисман қаноатлантирилиб, судланувчилардан солидар тартибда жабрланувчининг вакилига 7.800.000 сўм моддий ва 15.000.000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1