1

Мол-мулк ва ер солиғига қандай ўзгаришлар киритилди?

ЖАМИЯТ 05.02.2020, 18:13
Теглар: солиқ, кодекс
Мол-мулк ва ер солиғига қандай ўзгаришлар киритилди?

Янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси билан жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича ўзгаришлар амалиётга киритилди.

Жумладан, эски таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар солиқ солиш объекти саналган. Эндиликда улар сафига тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектлар киритилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими Жамшид Нарзиқулов Zarnews га маълумот берди.

Янги тартибга мувофиқ, солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида солиқ базаси 42 миллион сўмдан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Солиқ имтиёзлари бўйича ҳам ўзгариш киритилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, эндиликда энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. Мазкур имтиёз энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилотлари томонидан берилган маълумотнома асосида тақдим этилади.

Мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш тартиби ҳам ўзгарди. Илгариги тартибга кўра, мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси фуқароларга 1 майдан кечиктирмасдан топширилган. Эндиликда ушбу муддат 1 март этиб белгиланди. Шунингдек, солиқни тўлаш тартиби тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга оширилади.

 Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 62-боби, 437-моддасининг 7-бандида ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ҳисобланиши белгиланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1