1

Ана бўлмаса! Қашқадарёда қабрни очаётган аёл марҳумнинг тилла тишларини ўмармоқчи бўлмаган экан

ЖАМИЯТ 08.02.2020, 22:22
Ана бўлмаса! Қашқадарёда қабрни очаётган аёл марҳумнинг тилла тишларини ўмармоқчи бўлмаган экан

Аввал хабар берганимиздек, ижтимоий тармоқларда қабрни таҳқирлашда айбланиб, калтакланаётган аёл тасвирланган видео тарқалди. Қашқадарё ИИБ мазкур ҳолатга ойдинлик киритиб, воқеа 2019 йил 1 сентябрь куни Китоб туманидаги “Қабри Оҳун” қабристонида юз берганини маълум қилди. 

Мазкур воқеа юзасидан суриштирув олиб борган “Даракчи” мухбирининг хабар беришича, аёлни калтаклаклаганлар — Умид Аҳмедов, Муҳтарама Қурбонова, Амрулло Қурбоновларнинг ҳар бирига 2020 йил 7 февраль куни Китоб туман Маъмурий суди томонидан энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. 

Шаҳрисабзлик аёл томонидан қабри очилган марҳум Турсун Аҳмедов яқинларининг мухбирга маълумот беришича, марҳумнинг қабри 2019 йил 1 сентябрь куни иккинчи маротаба очилган. 

— Отамнинг қабри 2019 йил 21 июль куни ҳам очилган эди, - дейди Умид Аҳмедов. — 22 июль куни менга қўшнимиз телефон қилиб, “отангнинг қабри очиқ ётибди”, деди. Барча ишимни ташлаб қабристонга бордим. Борсам ҳақиқатдан ҳам қабр кавланган ва марҳум отамнинг жасади кўриниб турибди. Устига кесак тушиб ётган экан. Тезда қабрни ёпдик. Вақтида улгурган эканмиз, қабр очиқ ҳолда анча пайт қолиб кетганда итлар мурдани судраб олиб кетарди. 

Умид Аҳмедовнинг айтишича, мазкур воқеадан сўнг аҳоли орасида ҳар хил гап-сўз тарқалган. Кимдир “марҳумнинг катта қарзи бўлган шунинг учун қабрини очиб кетишган” деса, яна кимдир “марҳум тириклигида кимларгадир ёмонлик қилган бўлса керак” деган миш-миш тарқалган. 

— Ўша воқеадан кейин бош кўтариб юролмай қолдим, қаерга борсам “нега отангни қабри очилган экан”, деб сўровчилар кўпайди, - дейди Умид Аҳмедов. — Шу каби саволлардан безганимдан тўй-томошага ҳам қўшилолмай қолдим. Қабрни очган одам ким? Нега отамнинг қабрини очган деган саволларга жавоб тополмасдим. 

Умид Аҳмедовнинг маълумот беришича, қабр биринчи маротаба очилгандан сўнг, у 2-3 кун қабристонда қўриқчилик ҳам қилган. Ким очганини топишга уринган. Аммо натижа бўлмаган. 

— 2019 йил 1 сентябрь куни қўшнимиз менга қўнғироқ қилиб, “отангнинг қабрини очишга уринган одамни топдик, тез етиб кел деди”, - дейди Умид Аҳмедов. — Ўша пайтдаги ҳолатимни тасаввур қилолмайсиз. Жаҳлим чиққанди. Ўша ҳолатда қабристонга етиб бордим ва қабрни очган аёлга қўл кўтардим. Ўзимни бошқаролмадим. Бу аёл ортида ким бор экан деган хаёл ўтди. Мурдани олиб кетмоқчи бўлишганми деб ўйладим. 

Айтилишича, марҳум Турсун Аҳмедов 2019 йил 7 май куни 75 ёшида вафот этган. 

— Тоғам вафот этганидан сўнг, 25 ёшли жияним ҳам оламдан ўтди. Унинг қабрини ҳам очмоқчи бўлишганми деган хаёл ўтди, - дейди марҳумнинг қариндоши Муҳтарама Қурбонова. — Шунинг учун ҳам жаҳлим чиқди. Ва ўша аёлни урдим. 

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, қабрни очишга уринган аёл уни ушлаб олишгач, қочишга уринган. 

— Қочмоқчи бўлиб, уни ушлаб турган онамга қўл кўтарди. Шу сабаб ҳам мен унинг қўлини ушлаб, орқага қайирдим, - дейди Амрулло Қурбонов. — Мен ҳам ҳолатдан шокка тушгандим. 

Маълум бўлишича, марҳумнинг қабрини иккинчи маротаба очишга уринган шаҳрисабзлик Шаҳрибону Усмонова хатти-ҳаракатини руҳий ҳолатининг ёмонлиги билан изоҳлаган. Китоб туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи Ойбек Нарзуллаевнинг маълумот беришича, қабрни очишга уринган Шаҳрибону Усмонованинг ёнидан қабр очиш учун мўлжалланган тешача ва қора товуқ чиққан. 

— Фуқаро Шаҳрибону Усмонова аҳоли томонидан ушланган пайт унинг ёнидан қабрни очиш учун мўлжалланган тешача ҳамда қора товуқ чиққан, - дейди туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи Ойбек Нарзуллаев. — Шаҳрибону Усмоновадан хатти-ҳаракатининг сабабини сўраганимизда руҳий ҳолати ёмонлигини, қабрни очиб қора товуқни шу қабрга қўмишга уринганини айтди. 

Ойбек Нарзуллаевнинг таъкидлашича, интернет сайтларида аёлнинг маййитларнинг тилла тишини суғуриб олишга урингани ҳақидаги гап асоссиз.

— Аёл маййитларнинг тилла тишини суғуриб олишга уринган дейишяпти, бу бўмаган гап, - дейди Ойбек Нарзуллаев. — Маййитнинг тишини суғиришга уринган шахс қабрни кундузи очмайди. Қолаверса, марҳум унга нотаниш бўлган. 

Марҳумнинг яқинлари қўшимча қилишича, Турсун Аҳмедовнинг тилла тиши бўлмаган.   

Қашқадарё ИИБ баёнотида таъкидланишича, қабрни очишга уринган фуқаронинг ушбу хатти-ҳаракатига жавобан дастлаб Китоб тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш) билан иш очилган. Аммо, кам аҳамиятли эканлиги инобатга олиниб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

— Калтакланган аёл ИИБ га ҳеч қандай шикоят қилмаганди. Аммо жорий йил 4 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан маълум бўлишича, унга тан жароҳати етказилган, - дейди Ойбек Нарзуллаев. — Шу сабаб ҳам 2020 йил 4 февраль куни мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди. Аёлни калтаклаклаганлар — Умид Аҳмедов, Муҳтарама Қурбонова, Амрулло Қурбоновларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 52-моддаси 2-қисми (Енгил тан жароҳати етказиш) билан иш очилиб, кўриб чиқиш учун Китоб туман Маъмурий судига юборилди. Суд Умид Аҳмедов, Муҳтарама Қурбонова, Амрулло Қурбоновларнинг ҳар бирига энг кам олий иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1