АсосийJamiyat

Фарғонада келинини урган қайнона иши судда кўрилди

'Фарғонада келинини урган қайнона иши судда кўрилди'ning rasmi

Оила, оилавий муносабатларни асраш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Жамиятнинг муҳим бўғини, кучли ва барқарор давлат негизи — оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизнинг ижтимоий йўналтирилган сиёсатида устувор йўналишлардан бири экани бежиз эмас. Маълумки, мамлакат ҳаётида юз берадиган ҳар қандай ўзгаришлар, ислоҳотларнинг амалий таъсири ва ифодаси оилада яққол намоён бўлади. Оилалардаги тотувлик, фаровонлик, тинчлик, хотиржамлик маҳалла, мамлакат осойишталиги, ҳамжиҳатлигини таъминлайди. Ўз эртаси, тақдири ҳақида қайғурадиган давлат ва жамият борки, оилаларни муҳофаза қилишга, ташкилий-ҳуқуқий, институционал асосларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилиб, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Оиланинг мустаҳкам бўлиши нафақат эр ва хотинга, балки қайнона ва қайноталарга ҳам боғлиқ томонлари бор. Қайнона-келин муаммоси ҳақида жуда кўп эшитганмиз, ҳатто улар сабаб оилаларнинг бузилишига ҳам гувоҳ бўлганмиз.

Бироқ, айрим ҳолларда қайнона келин ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар натижасида келиб чиқаётган жанжаллар маъмурий ҳуқуқбузарликларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Хусусан, А.Алимова (исми шарифлари ўзгартирилган) 2020 йил 19 январь куни ўзининг яшаш хонадонида келини А.Олимова билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида жанжаллашиб, уни қасддан уриб, унга нисбатан енгил тан жароҳати етказган. Ушбу ҳаракатлари билан ҳуқуқбузар А.Алимова Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисмида (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддасида, содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, суд ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифояланиши мумкин. Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги ҳақида хулосага келса, иш ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун ушбу Кодекснинг 3081-моддасида белгиланган тартибда судга юборилади, деб белгиланган.

Мазкур маъмурий иш Қувасой шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, А.Алимованинг содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрор ва пушаймонлиги, унинг шахси, оилавий шароити, нафақадалиги, қандли диабет кассалигига чалинганлиги, маъмурий жавобгарликка тортилмагани, ҳуқуқбузарлик ўзаро оилавий келишмовчилик натижасида келиб чиққанлиги, жабрланувчи билан ўзаро ярашиб олгани ҳамда жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, содир этилган ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли деб ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддаси билан маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, маъмурий иш юритиш тугатилиб, ҳуқуқбузарни огоҳлантириш билан кифояланилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, маъмурий судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда ҳуқуқбузарликларни келиб чиқиш сабаблари, содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, ҳуқуқбузарларнинг оилавий шароитлари, жабрланувчиларнинг даъвоси ва тарафларнинг ўзаро ярашганлигига алоҳида эътибор берилмоқда.

Фарғона вилоят маъмурий судлари томонидан юқоридаги каби ҳолатлар инобатга олинган ҳолда 2019 йилда ҳуқуқбузарлик содир қилган 1368 нафар аёл Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддаси билан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.

 

Музаффаржон Марахимов, Фарғона вилоят маъмурий 

судининг судьяси

 

Махкамжон Абдубаннабов, Қувасой шаҳар маъмурий 

судининг раиси

 

    Бошқа янгиликлар