platforma.uz каналида Ўзбекистоннинг таниқли ишбилармонларидан бири Зафар Ҳошимов ва унга тегишли бўлган савдо мажмуаси хусусида муносабат билдирилди.
Зафар Ҳошимов — “Korzinka.uz” магазинлар тармоғи раҳбарини ижтимоий тармоқлар ва телевидение каналларидаги чиқишлари орқали танийман. Жуда сипо, илмли кўринади менга. Очиғи, зўр бизнесмен.
Ўзингиз эътибор қилинг, агар Тошкентда 4 та машҳур сўз бўлса, улардан биттаси “Korzinka”дир. Қолаверса, олдинги, бирорта тадбиркор соғ чиқа олмаган қаттиққўл тизимдан “бутун” чиққаниям унинг уддабуронлигини кўрсатади.
Лекин тизимдаги баъзи қинғирликлар Ҳошимовнинг мисқоллаб йиққан обрўсини бир пасда совуриши мумкин. Мана, бугун мен “Korzinka.uz”нинг Чилонзордаги дўконига кириб, ажиб ҳолатга тушдим.
Растада 14 минг 290 сўм деб кўрсатилган майонез учун кассада ҳисобчи мендан 19 минг 590 сўм уриб олди. Одат бўлгани учун кассадан чиқиш пайтида қўлимга тутқазилган чекдаги нархларга кўз югуртирдим. Ундаги майонез нархи растадаги билан беш минг сўм атрофида фарқ қиларди.
Хуллас, эшик олдидаги масъулга бу ҳақда айтдим, у “завзал”ни чақирди, “завзал” айби борлигини билиб, яна бир ходимни чақирди. Хуллас, растадаги нарх билан кассадаги нарх ўртасидаги фарққа «янглишмовчилик» дея умумий жавоб берди холос.
Мен бу ердан биргина майонез олдим, дўконда эса минглаб маҳсулот бор. “Korzinka.uz” барча маҳсулот нархида шундай адашаверса, ким ютади, кимнинг ҳуқуқи поймол бўлади. Албатта, бу осмон узилиб ерга тушадиган масала эмас. Қолаверса, Зафар аканинг асаби бузилишига ҳам арзимас. Лекин мен юқорида айтганимдай у одамни ҳурмат қиламан, номига доғ тушмасин дейман. Бу худди одамнинг юзига лой суртишдек гап...






