АсосийShou-biznes

Аваз ОХУНОВ: “ЭЪТИРОЗ БИЛДИРИШГА ҲАЛИ ЁШЛИК ҚИЛАМАН”

Саҳифамизнинг навбатдаги меҳмони 30-ноябрь - 1-декабрь кунлари Туркистон санъат саройида ўзининг илк дастурини тақдим этган сўз устаси Аваз Охунов. Кўрайлик-чи, қизиқчи унга атаб қўйган “10 қалтис савол”имизга қандай жавоб берар экан?..

 — Сизни мухлислар “Мирзо” театридаги фаолиятингиздан сўнг таний бошлашган. Аммо концертингизда ўзингизни Ҳожибой Тожибоевнинг шогирдиман, деб эълон қилдингиз. Бу унинг номидан фойдаланиш бўлиб қолмайдими?

— Ёшлигимдан Ҳожибой Тожибоевга мухлис бўлганман. 2012, 2013, 2014 йилларда эса “Мирзо” театрида устозимиз Мирзабек Холмедов билан ижод қилганмиз. Бу Ҳожибой Тожибоевнинг номидан фойдаланиш эмас, аксинча у кишининг ижод йўлини давом эттириш. “Мирзо” театрида фаолият юритганим ҳам менга анча ёрдам берди. Чунки ижодкор серқирра бўлмоғи лозим, ҳар томонлама ўзини синаб кўриши керак.

— Унда нега устозим Ҳожибой Тожибоев, деб эълон қилдингиз?

— Ҳожибой Тожибоев менинг ғойибона устозим. Менга ёнларида юриб шогирд бўлиш бахти насиб қилмаган, фақат концертларини кўриб ҳавас қилганман. Назарияни устозим Маъмуржон Умаровдан ўрганганман. Мирзабек Холмедовдан эса нафақат қизиқчилик сирларини, балки инсон сифатида ҳам жуда кўп нарса ўрганганман.

— Мирзабек Холмедовга шогирд бўлиб юриб, бошқа бир сўз устасини устоз, деб эълон қилганингиз эътирозга сабаб бўлмадими?

— 2014 йил “Мирзо” театрининг концертида актёрлар Сойиб Хўжаев, Чарли Чаплин, Адриано Челентано, Жим Керри, Алдаркўса образларида чиқишган. Ўшанда ҳам Мирзабек Холмедов менга “сен Ҳожибой Тожибоев образида чиқасан” дегандилар. Устозимиз Мирзабек Холмедов ҳам, Валижон Шамсиев ҳам мени кимгадир таништирмоқчи бўлишса, укамиз Ҳожибой Тожибоев йўналишида ижод қилади, деб таништиришади. Кейин қизиқчилар дунёдаги энг самимий инсонлар бўлади, улар сиз айтгандек гина-кудуратга бориб юрадиган одамлар эмас.

— Концертингизда Ҳосила Раҳимова, Анвар Собиров, Муниса Ризаева каби санъаткорларга ҳазиллар қилгансиз, бу ҳазиллар уларнинг ўзи қандай қабул қилди?

— Улар маза қилиб кулишди. Чунки мен уларнинг ижодига ҳазил қилганман. Қолаверса, ҳазилнинг меъёрини билиш лозим, агар кимнингдир жузъий камчиликлари, нуқсонлари устидан кулиб шахсиятига тегадиган ҳазил бўлса, албатта унинг таги зил бўлади. Менимча, улар хафа бўлишмади, агар хафа бўлишганида шу вақтгача эшитган бўлардим. Ҳазилни тўғри қабул қилиш доноликнинг биринчи белгисидир, демак ўша инсонлар ақлли, доно инсонлар экан, ҳазилимизни тўғри тушунишди.

— “Ҳандалак”, “Қаҳ-қаҳа”, “Шўрданак”, “Дизайн”, “Миллион” каби қизиқчилар жамоаларининг танлаган йўллари ҳақида нима дея оласиз? Қайси жамоанинг йўли сизга манзур, қайси бири ғашингизни келтиради?

— Бу жамоаларнинг барчаси ўз йўли, услуби ва мухлисларига эга. Мен эътироз билдиришга ҳали ёшлик қиламан. Эътироз билдириш учун Ҳожибой Тожибоев, Мирзабек Холмедов сингари устозлар йўлини босиб ўтишимиз керак. Уларга дўстона маслаҳат сифатида шуни айтишим мумкинки, қилаётган ҳазил-мутойибаларида озгина миллийлигимизни унутишмаса бўлди. Бу танқид эмас, дўстона маслаҳат.

—Ҳазилларингиз ҳаммаси реалми ёки фантазиянинг маҳсули?

— Мен ҳазилларни ҳаётдан оламан, шунда одамларнинг ҳазм қилиши ҳам осон бўлади. Ижодкор осмондан олиши керак эмас, бор гапни гапириши лозим. Бадиийлик қўшиб гапирилса, янада яхши бўлади.

— Концертингизда Ҳожибой Тожибоевнинг ҳазилларидан ҳам фойдалангансиз, бу қачонгача давом этади? Ўз йўлингизни топиб олишингизга ишонасизми?

— Ижодкор ижодкордан илҳомланади. Ҳазилларни ўз ҳолича айтсангизгина, у фойдаланиш бўлади. Мен мавзуни ўғирламаганман, илҳомланганман. Бу аввало устозга ҳурматимдан. Шунингдек, Ҳожибой Тожибоевнинг ижодини халққа кимдир эслатиб туриши керак-ку, ахир.

— Шу концертдан кейин яна ижодингиз кучайиб кетишига кўзингиз етадими ёки шу билан чекланиб қоласизми?

— Доимий изланишдаман, шу сабабдан қўрқмасдан айта оламанки, ҳали бу бошланиши. Концертимизнинг биринчиси “Туркистон” санъат саройида ўтган бўлса, шу йилнинг охирларига қадар  “Истиқлол” санъат саройида концерт бериш ниятимиз бор.

— Концерт дастурингизда онангиз келмаганлар, бунинг сабаби нима?

— Ўшанда онам эндигина шифохонадан чиққан эдилар. Уларни уринтириб қўймаслик мақсадида ўзим концертга келишларига қаршилик қилдим.

ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ

  • 1983 йил 27 апрелда Андижон вилояти Асака туманида туғилган.
  • Оилада тўрт фарзанднинг тўнғичи.
  • Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти режиссёрлик йўналишини тугатган.
  • Уйланган, битта қизи бор.

Феруз МАМАТОВ суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар