АсосийShou-biznes

“Қайнона қайнамаса... Сўз “губернатор” қайноналарга”

Халқимида тилдан тилига ўтиб юрадиган бир гап бор: Жаннатдан бир супа бўш турармиш. Бу супа энг аҳил-иноқ ҳаёт кечирган қайнона ва келинга насиб қиларкан. Ўша супа эса ҳамон бўш эмиш... Аслида қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни тарозига тортиб, ўлчовга солиб бўлганда, ўша супанинг даъвогари аллақачон топилган бўларди. Галдаги саҳифамиз орқали ўзбек қайноналари образида хотирамизда муҳрланган, қаттиққўл, замонавий, сабр-бардошли қайноналарга “ролингиздаги қайнонани оқлайсизми ва ўзингиз қандай келин бўлгансиз?” деган савол билан мурожаат қилдик. Дарвоқе, муштарийларимиз ўртасида ўтказилган сўровномаларга кўра уларнинг ҳар бирига алоҳида ўрин бердик.

“Энг замонавий қайнона”

(MY5 телеканали орқали намойиш этилаётган “Қайнона-келин” сериалидаги роли учун)

Мавлуда Асалхўжаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Ҳаётда жуда қаттиққўл қайнона эмасман. Келиним синглим бўлгани билан (хонанда турмуш ўртоғининг ўғлига ўз синглисини келин қилган - таҳр.) тергайман, рўзғор юмушларини ўргатаман. Лекин, ҳамма ишига бурнимни суқавермайман. Ахир улар ҳам ёш, ўзи истаганича яшашни истайди. Икки ёшнинг орасига тиқилиб, ўғлига келинини ёмонлайдиган қайноналардан эмасман. Агар келиним синглим бўлмаган тақдирида ҳам бундай қилмасдим. Лекин мен уйдалигимда кўзимдан йўқолиб қолишига, уйига кириб кетишига сира йўл қўймайман. Келинми, ёнимда бўлсин! Иссиқ-совоғимдан хабардор бўлиб турсин дейман-да  (кулиб). Сериалдаги келиним — Паризодани ҳам жуда яхши кўраман. У бироз айёр бўлишига қарамай, ширинсуханлик билан кўнгилга йўл топа олади. Ишини дарров битиради. Ҳамма келинлар унга ўхшаса, қайноналар жон деса керак.

“Қилдан қийиқ қидирадиган қайнона”

(2010-йил катта экранларга чиққан режиссёр Абдувоҳид Ғаниевнинг “Севгинатор-2 ёхуд қайнона операцияси” фильмидаги роли учун)

Муқаддас Холиқова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Агар ҳаётда “Севгинатор” фильмдагидек келиним бўлганида албатта бир амаллаб йўлга солардим. Фильмдаги қайнона қилдан қийиқ қидирадиган эмас-ку. Аксинча ўша айёр келиннинг ноғорасига ўйнаб картошкасини ҳам арчиб беради, ҳовлини ҳам супуради. Яна қайнона ёмонми?! Фильмдаги биринчи келин ҳадеб йиғлайвермай, кўзини ёшини оғизиб онасиникига кетавермасдан шу уйдаги кам-кўстга, қайнонасининг аччиқ-ширин гапига бардош бериши керак эди. Қайнона сал қаттиқ гапириб юборса, дарров тугунини йиғиштириб уйига кетиб қолиш яхшимас. Дарвоқе, ўзим қайнонамнинг кўзларига қараб турадиган, мўмин-қобил келин бўлганман. Улар билан бирга яшамаган бўлсак-да, ҳеч қачон танбеҳ эшитмасдим.

“Энг мулойим қайнона”

(2012 йилда катта экранларга чиққан режиссёр Азиз Умрзоқовнинг “Оқибат” фильмидаги роли учун)

Барно Қодирова, актриса:

— “Оқибат” фильмида жуда мулойим қайнона ролида гавдаланмаган бўлсам-да, доим фарзандларимнинг тақдири билан ёниб куйганим, қаттиққўллигим ортида ҳам меҳр борлиги сезилиб туради. Ўзимнинг ўғлим йўқ. Икки қизимни узатганмиз. Куёвларимни эса худди ўз ўғлимдек қабул қилганман. Агар ўзим келин туширган тақдиримда ҳам у даражада қаттиққўл қайнона бўлмас эдим. Катталар ёшларга қараганда ҳаётий тажрибага эга бўлишади. Уларнинг хатоларини тўғирлаш, тўғри йўлга йўналтириш бизнинг вазифамиз. Кичик хатосини деб оилаларни ажратиб юборадиган қайноналарни тушуна олмайман. “Оқибат”даги келин енгил ҳаётни танлайди, уй юмушларидан қочади. Қайнона эса қизининг гапига қулоқ тутиб унга зулм қилади-ю, сўнг ҳаммасини икки ёшнинг ўзига қўйиб беради. Шундай вазиятда ажралиш ёқасида турган икки ёшни бир-бирига иситиш, яна оила меҳр муҳабатни сақлаб қолиш - қайноналарнинг гарданида.

“Энг золим қайнона”

(2004-йил катта экранларга чиққан режиссёр Иброҳим Расуловнинг “Бегона баҳор” фильмидаги роли учун)

Гулчеҳра Иброҳимбекова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— “Бегона баҳор” фильмидаги қаҳрамоним фақат золим қайнона эмас. Унинг ҳам ўзига яраша орзу-ҳаваслари бор. Уни буткул айблаш нотўғри. Агар бу қайнона ич-ичидан ёмон, золим бўлганда эди фильмнинг якунига бориб, телба бўлиб қолмасди. Бу аёлни ҳаётнинг турли чиғириқлари ўз синовидан ўтказгани сезилиб туради. Ҳаётда ана шундай қайнона-келинлар кам дейсизми? Фильмдаги муаммолар айни биз яшаб турган турмушимиздан олинган. Ўзим эса, ҳаётда биттаю битта ўғлимнинг ортидан уйимга нур ёғдириб келган келинимга рисоладагидек қайнона бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳатто фильмдагидан фарқли ўлароқ келинимнинг ўқишига бош-қош бўлдим, чарлари қилишларига қарши чиқдим (кулиб). Энди уёғига менга баҳони келинимнинг ўзи берсин.

“Энг чапани қайнона”

(2012 йил, жиссёр Жавлон Шодмоновнинг “Супер қайнона” фильмдаги роли учун)

Саида Раметова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Қайноналар келинни уйига олиб келиб тўй қилганидан кейин ундан айб қидирмасдан, келин туширишдан аввал ўйлаши, аввало ўзини ўзи тарбия қила билиши керак. Ахир икки ёш оилада тинч-тотув яшаса, бу қайнонанинг бахти эмасми? Нега энди ҳар нарсадан айб топиб, келинларни жазолайверамиз. Ахир ўғлимиз ўша хотинини деб тургандан кейин уни ҳам ик ўт орасида қолдиришдан не наф? Аксинча қайноналар оилам тинч, ўғлимнинг ишида барака бўлсин деса келини билан дугона бўлиши керак. Мен ҳам мана 11 йилдирки келиним билан дугонаман. “Дугонам” билан эса ҳали сен-менга борганимизча йўқ.

“Энг манман қайнона”

(2012 йил, режиссёр Отабек Мирзахоловнинг “Ёлғизгинам” фильми учун)

Хосият Хусанова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Режиссёрлар менга доим жуда кибрли, бировнинг гапини инобатга олмайдиган, олинг қуда, беринг қуда каби одатларни яхши кўрадиган қайноналар ролини беришади. “Ёлғизгинам” фильмида мен яратган қайнона образининг хатти-ҳаракатлари, келинига бўлган муносабатини унчалик оқламайман. Келинига этигини занжирини тортиб  қўйишни буюрадию нохосдан узилиб кетса унинг бошига “итнинг кунини солади”. Наҳот келиннинг обрўси бир “занжир”чалик бўлмаса. Келин бечора на қайнонадан меҳр кўрса, на турмуш ўртоғидан, ахир оилада кимга суяниши керак? Мана шунақа қайноналарнинг зулмидан келинлар ҳатто қайнонасининг ёнида нафас олишга ҳам қўрқади. Фурсатдан фойдаланиб қайноналар ҳам уйга келган келинни тил учида эмас, юракдан ўз қизларидек қабул қилишсин. Албатта келинлар ҳам оилада ўз ўрнини йўқотмай, катталарнинг ҳурматини жойига қўйишсин.

“Энг қатъиятли қайнона”

(2008 йил, режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Келгинди келин” фильмдаги роли учун)

Муҳаббат Абдуллаева, актриса:

— Томошабинлар кўча-куйда мени учратиб қолишса “Келгинди келин”даги қайнона ролимни эслашади. Жуда қаттиққўл қайнона бўлгансиз, дейдиганлар ҳам бор. Аксинча мени ролимдаги қайнона қаттиққўл эмас, оиласини, фарзандини тақдирини ўйлайдиган, яхши орзу-умидлар билан ўғил ўстирган муштипар она. Ахир қайси аёл кўчадан келган “мушт”дек қиз ўғлингиздан ҳомиладорман деб уйига кириб келса мендай йўл тутмайди? Нима, шунча қилғилигидан кейин мен ўша келинни бошини силашим керакмиди?! (кулиб) Шунинг учун бу фильмдаги қайнонани ёмон кўришларини истамасдим.

Ўзим эса ёшлигимда жуда маъқулгина, эрталаб салом берганча миқ этмай юрадиган, камгап келин бўлганман. Лексиконим фақат “Ассалому алайкум, хўп бўлади, раҳмат” деган сўзлардан иборат эди холос.

    Бошқа янгиликлар