1

Боғча очмоқчимиз, аммо кредит пайсалга солиняптими?

САВОЛ-ЖАВОБ 20.02.2020, 18:17
Боғча очмоқчимиз, аммо кредит пайсалга солиняптими?

— “Янги аср кичкинтойлари” МТМ раҳбариман. Давлат хусусий шерикчилик асосида боғча очиб, ҳозирда 18 нафар ишчи ходимлар 78 нафар болаларга тарбия бериб келяпмиз. Боғчамизнинг ёнида 8 сотих ер майдонини сотиб олиб, 150 ўринли боғча биносини қуриш учун Гулистон шаҳар Асака банкидан кредит сўрагандик. Аввалига кредит ажратишларини айтишди, сўнг “маблағ йўқ”, дейишяпти. Ҳар куни ота-оналар болаларини олиб келишади, бироқ бўш ўрин йўқ. Давлат боғчаларида эса навбат жуда катта. Боғчага талаб бўлгани учун ҳам фаолиятимизни кенгайтирмоқчи эдик. 1 фоизли кредит ҳужжатларини расмийлаштириб, вилоят мактабгача таълим бошқармасига топширганмиз. Банк томонидан ажратиладиган кредит фақат боғча қурилишига етади. Жиҳозлаш ва қолган ишларни ўз маблағимиз ҳисобидан харажат қиламиз. Кредит ажратилишида амалий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз.    

Р.Дадабаева, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар 

                                              “АВВАЛО БИТИМ ИМЗОЛАНИШИ КЕРАК”

Мақсуджон ЮЛДАШЕВ, Мактабгача таълим вазири ўринбосари:

— Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3651-сонли қарорида давлат-хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил қилиш учун битими имзоланган тадбиркорлар ўрнатилган тартибда тегишли банкдан имтиёзли кредит маблағи олишга ҳақли эканлиги белгиланган. 

Бироқ, Мактабгача таълим вазирлигига Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида давлат-хусусий шерикчилик асосида “Цветочный город” НМТТ ташкил этиш юзасидан шу кунга қадар ҳужжатлар келиб тушмаган. Шунингдек, ташаббускор Р.Дадабаева билан давлат-хусусий шериклик битими имзоланмаган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик шаклларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 944-сонли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш орқали нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби белгиланган.

Бугунги кунда давлат-хусусий шерикчилик асосида тузилган битимларни молиялаштириш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон қарорининг 6-бандига асосан Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантларини жалб этиш юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш учун ресурс маблағлари шакллантирилгандан сўнг тадбиркор Р.Дадабаева томонидан ҳужжатлар тўплами вазирлик ишчи гуруҳига тақдим этилган тақдирда ўрнатилган тартибда давлат-хусусий шерикчилик битимини имзолаш масаласи кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ. 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1