Бу ҳақида Тожикистоннинг Аsiaplus интернет нашри хабар қилди. Тожикистон ўзининг сув захираларидан фойдаланаётгани учун қўшни давлатлардан товон кутмоқда. Ҳозир уларнинг сувидан Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон фойдаланади.
Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Жамшид Шоимзоданинг айтишича, Собиқ Иттифоқ пайтида тожик сувига газ, бензин ва бошқа воситалар орқали товон беришган.
Вазир ўринбосари бугунги кунда бу механизм ишламаётганини айтган. Лекин қўшнилар билан илиқ муносабатларни ҳисобга олиб, қайта тикланишига умид билдирган. Шу ўринда қайд этиш керак, Ўзбекистон Зарафшон дарёси бўйида гидроэлектростанция (ГЭС) қуришни режалаштирган.
Ҳозир Тожикистонда Марказий Осиёнинг 65 фоиздан ортиқ сув захиралари бор. Ҳар йили ўртача 64 млрд. куб метр сув ишлатилади, аммо Тожикистон шундан 17-20 фоизидан фойдаланади холос.
Бундан ташқари, тожик нашрларининг ёзишича, бу давлат Амударё ва Сирдарё трансчегаравий дарёларидан ҳар йили олиши керак бўлган миллиардлаб кубометр сувдан ҳам фойдаланмайди.
Марказий Осиёнинг сув хўжалигини назорат қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссияси 2019 йилда Тожикистон учун 12,7 млрд. куб метр сувдан фойдаланишни белгилаган. Лекин шундан тожик ҳукумати 10,7 млрд. кубометр (8,6 млрд. Амударё, 2,1 млрд. Сирдарё ва Зарафшондан) сувдан фойдаланган.
Сўнгги маълумотларга кўра, трансчегаравий сув захиралари (Амударё ва Сирдарё) оқими давлатларда қуйидагича тақсимланган:
Сирдарё: Ўзбекистон - 50,5%, Қозоғистон - 42%, Тожикистон - 7%, Қирғизистон - 0,5%;
Амударё: Ўзбекистон - 42,2%, Туркманистон - 42,3%, Тожикистон - 15,2%, Қирғизистон - 0,3%.






