АсосийJamiyat

“Оқибатлар билан курашаверсак узоққа боролмаймиз”. Наримон Умаров ҳам Олтинсой воқеасига муносабат билдирди

'“Оқибатлар билан курашаверсак узоққа боролмаймиз”. Наримон Умаров ҳам Олтинсой воқеасига муносабат билдирди'ning rasmi

Хабарингиз бор, 15 февраль, шанба куни, ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видео тарқалди.

Шундан сўнг, ҳолат юзасидан ИИВнинг ва Бош прокуратуранинг расмий маълумотлари берилди. Вазият кескин тус олгани сабаб Сурхондарё вилояти ҳокими ушбу ҳудудга ташриф буюриб, жабрдийда халқ билан юзлашди. Ушбу воқеаларнинг энг шов-шувлиси эса Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодировнинг воқеага нисбатан муносабати бўлди. Аҳолининг ҳаракатларини қоралаган депутат уларга муносиб жазо берилишини талаб қилгани кенг жамоатчилик томонидан танқидларга сабаб бўлди. Куни кеча Халқ депутатлари  Арнасой туман кенгаши депутати, "Адолат" партияси вакили Фарруҳ АБДУҲАМИДОВ ҳам ушбу ҳодиса ва "снос" масаласига муносбат билдирган бўлса, айни пайтда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров ҳам вазиятга объектив баҳо берди.

"Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ушбу жараёнда адолат қарор топиши учун ҳар иккала томон ҳам тингланиши, вазият чуқур ўрганилиши лозим деб ҳисоблайди.

Суғориладиган ерларнинг ҳар бир қаричидан мақсадли фойдаланиш даркор, чунки аҳолимизни хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш ўта муҳим масаладир.

Аксарият ҳолларда ер эгалари бўлган фермерлар нопок йўлларга кириб, улар томонидан деҳқончиликка мўлжалланган ер майдонлари уй, бинолар қуришга ажратилаётганлигини ноқонуний ҳаракат деб баҳолаймиз.

Бундай ҳолларда энг аввало, ушбу ерларни ажратишга жавоб берганлар қонуний жавоб бериши керак. Шундагина адолат таъминланади. Шунинг учун фуқаролар уй қуриши учун шароит яратиб берган фермер ёки бошқа мутасаддиларнинг жавобгарлиги кун тартибига чиқарилиши зарур. Биз ҳозир сабаблар билан эмас, оқибат билан курашмоқдамиз. Бу зайлда кетадиган бўлса, бундай ҳолатлар эртага бошқа ҳудудда ҳам келиб чиқиши аниқ.

Шунинг учун бу жараёнда асосий эътиборни вазиятни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишга қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда адолат ҳукм суради, ривожланиш бўлади", — ўз мулоҳазаларини билдирган партия раҳбари. 

Эслатиб ўтамиз,  Ўзбекистоннинг кўзга кўринган, фаол блогерлар каналларида Алишер Қодировга аталган муносабатлар оммавий акс этмоқда.

    Бошқа янгиликлар