АсосийJamiyat

Мактабларда дарс соатлари тақсимоти ва тарификация жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди

'Мактабларда дарс соатлари тақсимоти ва тарификация жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди'ning rasmi

Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мамлакатимизда халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ходимлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ 2020 йилдан бошлаб, умумий ўрта таълим мактаблари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини Халқ таълими вазирлиги орқали республика бюджетидан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу механизм амалиётга жорий этилмоқда.

Айни пайтда умумтаълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда иш ҳақидан ажратмаларни белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида тўғри тўланиши ва ҳисобланишини таъминлаш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Қарор лойиҳаси бу масалани ечиш билан бирга тизимдаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни ҳам бартараф этади.

Шу муносабат билан иш ҳақи тўлаш жараёнини шаффоф тизим асосида амалга ошириш мақсадида ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатларини “УзАСБО” дастурий мажмуасида автоматлаштирилган тарзда шакллантириш йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кунга қадар умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби мавжуд эмас эди.

Мазкур қарор лойиҳаси умумтаълим муассасаларининг амалдаги тарификация рўйхатида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, педагог ходимларнинг ойлик маошларини тўғри белгиланишини янада такомиллаштириш мақсадида шаффоф механизм асосида, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Унга кўра, умумтаълим муассасаларининг тарификация рўйхатини тўлиқ автоматлаштириш орқали синфларда жамланган ўқувчилар ҳамда педагог ходимлари тўғрисидаги маълумотлар, уларга бириктирилган дарс соатлари, белгиланган устамалар, шунингдек тарификация рўйхатини шакллантириш механизми яратилади.

Бундан ташқари, амалдаги ҳужжатларда дарс соатларини тақсимлаш бўйича ҳеч қандай меъёр талаблари белгиланмаган. Натижада, муассаса раҳбари ёки педагогик кенгаш дарс соатларини исталган ўқитувчига номаълум мезонлар асосида бириктирар (тақсимлар) эди. Бу эса ўқитувчилар орасида тушунмовчиликлар ва норозилик ҳолатларни юзага келтирмоқда. Қолаверса, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қарор лойиҳаси билан мазкур ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш бўйича аниқ меъёрий механизм жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этилиши таъкидлаб ўтилган.

Мазкур механизмни амалиётга жорий этиш ҳамда ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорларини ошириш мақсадида ҳужжат билан дарс соатларини бириктириш (тақсимлаш)да аниқ кўрсаткичлар белгиланади.

Жумладан, қарор лойиҳаси билан дарс соатларини қуйидаги кетма-кетликдаги кўрсаткичлар асосида тақсимлаш таклиф этилмоқда:

а) халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;

б) асосий олимпиадаларнинг республика, вилоят ва туман босқичи ғолиблари ўқитувчилари ва таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадалар ғолиблари;

в) республика босқичидаги кўрик танловларда (йил ўқитувчиси) ўринларга эга бўлган ўқитувчилар;

г) олий малака тоифага эга ўқитувчилар;

д) биринчи малака тоифага эга ўқитувчилар;

е) иккинчи малака тоифага эга ўқитувчилар;

ё) педагогик йўналиш бўйича магистр даражасига эга ўқитувчилар;

ж) олий маълумотга (тоифасиз) эга ўқитувчилар;

з) қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар;

л) олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар вақтинчалик ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар;

м) педагогик йўналиш бўйича 4-босқич талабалари;

н) олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар вақтинчалик умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимларига.

Бунда умумтаълим муассасаларининг ўқитувчиларига бир ярим ставкадан (йиллик 2 322 соат) ортиқ дарс соатлари белгиланишига йўл қўйилмайди.

Қарор лойиҳаси синфларни комплектлаш масаласини ҳам қамраб олган. Ҳужжат билан умумтаълим муассасалари синфларининг ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, қуйидагича комплектланади:

шаҳар ҳудуди ва туман марказларида 25-35 нафаргача;

қишлоқ ҳудудларида 20-35 нафаргача (олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим муассасалари бундан мустасно).

Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I — IV синфлар;

ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;

ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).

Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) аҳоли яшаш пунктларида жойлашган умумтаълим муассасаларида, шунингдек ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, халқ таълими бўлимлари ва молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгилаш таклиф этилмоқда.

Умумтаълим муассасалари синфлар комплектларини шакллантиришда қуйидаги меъёрларга риоя этилишини таъминлаш режалаштирилган:

синфдаги ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги;

умумтаълим муассасасининг шаҳар, қишлоқ ва олис ҳудудда жойлашганлиги;

санитар қоида ва меъёрларига амал қилиниши;

синфлар бўйича жами ўқувчилар сони жумладан, қиз болалар сонини тўғри шакллантирилиши;

инклюзив таълим ва якка тартибда уйда таълим оладиган ўқувчилар синфлар комплектига киритилиши.

Ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги якуни бўйича ҳар йили январь ойида умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари сонидан келиб чиқиб, синф комплектлари қайта кўриб чиқилиши ва ўзгартирилиши мумкин. Бунда ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан камайиб кетган ҳолда синф қисқартирилади, белгиланган меъёрдан ошиб кетганда эса қўшимча синф ташкил этилади.

Қўшма қарор лойиҳаси билан ушбу ҳавола https://regulation.gov.uz/ru/document/13944 орқали танишишингиз ва ўз таклифларингизни қолдиришингиз мумкин. Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 2020 йилнинг 11 март кунига қадар давом этади.

 

    Бошқа янгиликлар