Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Y.C.” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар ноқонуний даромад орттириш мақсадидаги жиноий ҳаракатлари фош бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Улар 2019 йилда 2,4 млрд сўмлик турли хил харидоргир товарларни нақд пулга сотиб, фаолияти бўйича ҳисобот топширмасдан, 471,7 млн сўм қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаганликлари ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларига қонуний тус бериш мақсадида бошқа янги корхоналарни ташкил этишиб, уларнинг низом жамғармаларини ноқонуний даромадлари ҳисобидан шакллантирганликлари аниқланган.
Худди шундай, Департаментнинг Чиноз тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “O.G.” МЧЖ раҳбари А.Р. ноқонуний даромад орттириш мақсадида 2019 йилда банк муассасасидан ажратилган
1 млрд 460 млн сўм кредит маблағларини турли йўллар билан нақдлаштиришга эришиб, кредит қарздорлигини тўламасдан, талон-торож қилганлиги, шунингдек, ушбу маблағлари ҳисобидан “Malibu” русумли автомашинаси ҳамда 92 млн сўмлик хўжалик ва маиший техника воситаларини харид қилиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштирганлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






