ЁХУД ҚАЙСИ ҲОЛАТЛАРДА РАД ЭТИЛАДИ?
Газетамизда огоҳликка чорлаш мақсадида жиноят иши тафсилотларини бериш баробарида фуқароларнинг ҳуқуқий органларга мурожаат қилиш тартиблари ҳақида ҳам маълумотлар бериб борамиз. Таҳририятимизга келаётган мурожаатлар орасида жиноят ишини қўзғатиш рад этилаётгани, қўшимча далиллар қабул қилинмаётгани борасидаги муаммолар мавжудлиги аён бўляпти. Мазкур ҳолатни инобатга олган ҳолда бу борада батафсил маълумот олиш мақсадида Бош прокуратура бўлим прокурори Шерали МАҲМУДОВга мурожаат қилдик...
ЖИНОЯТ БЕЛГИЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Жиноят белгилари қуйидагилар:
1. Қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги бу – содир қилинган қилмиш жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга зарар етказиши ёки шундай зарар етказиш реал хавфини туғдириши мумкинлигини англатади.
2. Қилмишнинг ҳуқуққа хилофлилиги деганда, содир қилинган қилмишнинг жиноят қонуни билан тақиқланганлигини англатади.
3. Қилмишда айбнинг мавжудлиги деганда, содир қилинган қилмиш қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилгандагина жиноят деб топилишини англатади.
4. Қилмишнинг жазога сазоворлиги деганда эса содир қилинган қилмиш учун ЖК Махсус қисм моддаларида назарда тутилган жазо чораларининг тайинланиши мумкинлигини англатади.
Жиноий жавобгарлик асоси деганда, шахсни жиноят содир этишда айбдор деб топиш учун исботланиши лозим бўлган ҳолатлар мажмуи тушунилади.
Жиноий жавобгарлик асосини содир қилинган қилмишда ЖКда назарда тутилган жиноят таркибининг барча аломатлари мавжудлиги жиноий жавобгарлик асосини ташкил қилади.
ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИШДА ҚАНДАЙ АСОСЛАРГА ТАЯНИЛАДИ?
— Жиноят ишини қўзғатиш босқичи жиноят процессининг бирламчи ва ажралмас босқичидир. Бу босқичда асосий вазифа жиноят тўғрисидаги дастлабки хабарларни кўриб чиқиш ва жиноят ишини қўзғатиш ёки қўзғатишни рад қилиш учун зарур бўлган бир қатор муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳисобланади.
Жиноят-процессуал кодексининг 322-моддасида жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари келтириб ўтилган. Унга кўра, жиноят ишини қўзғатиш учун қуйидагилар сабаб бўлади:
1. Шахсларнинг аризалари;
2. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар берган хабарлар;
3. ОАВ берган хабарлар;
4. Жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи маълумотлар ва изларни суриштирувчи, терговчи, прокурор, шунингдек, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг бевосита ўзи аниқлаши;
5. Айбини бўйнига олиш ҳақидаги арз.
Жиноят белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлади.
РАД ЭТИШ ТАЛАБЛАРИ ҚАНДАЙ?
— Жиноят-процессуал кодексининг 330-моддасига асосан, жиноятга оид маълумотлар олинган ёки бундай маълумотлар бевосита аниқланган ҳар бир ҳолда қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
1. Жиноят ишини қўзғатиш ҳақида;
2.Ишни қўзғатишни рад қилиш ҳақида;
3. Ариза ёки хабарни терговга тегишлилигига қараб юбориш ҳақида.
Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарор ЖПКнинг 83-моддаси 1 ва 2-бандларида яъни,
► иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;
► гумон қилинувчи, айбланувчи қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;
► 84-модда биринчи қисмининг 1, 3 — 8-бандларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, яъни шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса;
► айбланувчи, судланувчи вафот этган бўлса;
► шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлса;
► шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича ишни тугатиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ажрими (қарори) ёки ваколатли мансабдор шахснинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёхуд ишни тугатиш ҳақида бекор қилинмаган қарори бўлса;
► иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ҳолларда унинг шикояти бўлмаса;
► шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган бўлса;
► Жиноят кодекси махсус қисмининг тегишли моддасида шахснинг ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли ёхуд белгиланган муддат ичида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги ва (ёки) жиноят оқибатлари бартараф этилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган бўлса.
Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан чиқарилади. Жиноят содир этилганлиги тўғрисида хабар берган фуқаро, корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмаси ёки мансабдор шахс бу ҳақда хабардор қилинади. Бунда уларга қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ва тартиби тушунтирилиши лозим.
ЭЪТИРОЗЛАРНИ КИМ ҚАБУЛ ҚИЛАДИ?
— ЖПКнинг 338-моддасида жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш мумкинлиги келтириб ўтилган бўлиб, мазкур модданинг иккинчи қисмида терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахснинг, суриштирувчининг, терговчининг иш қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарори устидан прокурорга, прокурорнинг иш қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи прокурорга, суднинг ажрими устидан эса юқори судга шикоят қилиниши мумкинлиги таъкидланган.
Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарор терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи томонидан чиқарилган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси прокурорга юборилади.
ЖПКнинг 337-моддасига асосан, жиноят ишини қўзғатишнинг қонунийлиги устидан назорат олиб бораётган прокурор жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга ва айни вақтда иш қўзғатишга ҳақлидир.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади






