"Эримнинг уйида мен ва фарзандларимнинг ҳаққи борми?"

САВОЛ-ЖАВОБ 27.02.2020, 18:11
"Эримнинг уйида мен ва фарзандларимнинг ҳаққи борми?"

— 2002 йил қонуний никоҳдан ўтиб, турмушга чиқдим, 3 нафар фарзандимиз бор. Гап шундаки, эрим уйдан ҳайдаб юборди. 20 сотихли уйда яшардик. Эримнинг уйида мен ва фарзандларимнинг ҳаққи борми? 

Д.O., Жиззах вилояти, Пахтакор тумани

Достон ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси катта консультанти: 

— Қонуний никоҳдан ўтган бўлсангиз, Оила кодексининг 23-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бош­қача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Ҳозир эрингиз яшаётган уй агарда никоҳдан кейин олинган бўлса, мазкур уйга нисбатан турмуш ўртоғингиз билан тенг миқдорда улушли ҳисобланасиз. Умумий мулкни бўлиш масаласи Оила кодексининг 27-моддасига асосан эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек, бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади. Сизнинг ҳолатингизда агарда эрингиз уйни бўлишдан бош тортса, судга даъво ариза билан мурожаат қилинг. Уй-жойга нисбатан эрингиздан ўзингиз ва фарзандларингиз улушини келтирилган қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда талаб қилишга ҳақлисиз.

Агар низоли уй қайнотангиз номида бўлса, ушбу уйда эрингиз билан тенг ҳуқуқда фарзанд­ларингиз билан бирга уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз мавжуд. Борди-ю, эрингиз келин бўлиб тушган уйингиз­дан фойдаланишга тўсқинлик қилаётган бўлса, суднинг қарори билан уй-жойга мажбурий тартибда киритилиб, уй-жойдан фарзандларингиз билан бирга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўласиз. Бундан ташқари, эрингиз фарзандларингизни моддий таъминлашдан бош тортаётган бўлса, судга алимент ундириш юзасидан ариза билан мурожаат қилиб, фарзандларингиз вояга етгунига қадар алимент ундиришингиз ҳам мумкин.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1