АсосийJamiyat

Матбуот котиблари фаолияти баҳоланди

'Матбуот котиблари фаолияти баҳоланди'ning rasmi

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида республика даражасидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматари раҳбарларининг фаолияти самарадорлиги ўрганилди.

Ўрганиш давомида ахборот хизмати раҳбари фаолияти унинг:

– иш ҳажми (пресс-тадбирлар, уларда оммавий ахборот воситаларининг иштироки ҳамда тадбирларни ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар орқали жамоатчиликка етказиш);

– иш фаолияти сифати (пресс-тадбирларга профессионал ёндашув, раҳбариятнинг иштироки, ахборотни етказиб беришда турли инструментлардан фойдаланиш);

– иш самарадорлиги (ахборотнинг қамров миқёси, соҳага оид муаммоларни ёритиш, танқидий материалларга муносабат билдириш даражаси ҳамда расмий веб-сайт, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда ахборот бериш тезкорлиги, ташкилот фаолияти бўйича муайян воқелик муносабати билан расмий баёнот бериш, хорижий оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилиш) асосий мезон қилиб олинди.

Таҳлилий натижаларга кўра, 2019 йил декабрь ойига қадар ахборот хизмати раҳбари лавозимига расман тасдиқланиб, фаолият юритиб келган 90 нафар матбуот котибларидан 8 нафарининг иш натижалари юқори, 37 нафарники ўрта, 40 нафарники қониқарли, 5 нафарнинг фаолияти паст даражада, дея баҳоланди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (С. Зокирова), Адлия вазирлиги (С. Ўринбоева), Давлат божхона қўмитаси (Н. Cаломов), “Ўзбеккино” миллий агентлиги (Б. Унгбоева), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (З. Имомхўжаев), Мудофаа вазирлиги (Б. Зулфикаров), “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (Н. Толипов) ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши (А. Умарова) ахборот хизмати раҳбарларида 2019 йил иккинчи ярмида ахборотни замонавий, тезкор ва кенг қамровли усулда оммавий ахборот воситалари (радио/телевидение, газета, ижтимоий тармоқлар, мобил мессенжерлар ва веб-сайтлар) орқали фойдаланувчиларга инфографика, фото, аудио, видео ва матн шаклларида, муайян белгиланган вақт оралиғида етказиб бериш бўйича энг юқори кўрсаткич аниқланди.

Шунингдек, ушбу вазирлик ва идоралар давлат органи фаолияти ҳақидаги ахборотнинг расмий веб-сайт, мобил мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар билан бирга, хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда ҳам етакчилик қилди.

Айтиш керакки, ўрганиш давомида кўплаб матбуот котиблари фаолият йўналишларини белгиланган мезонлар асосида ташкил қилишда айрим муаммо ва камчиликларга йўл қўйган ҳолатлар ҳам аниқланди. Хусусан, олиб борилган ўрганишлар таҳлили 2019 йил иккинчи ярим йиллиги мобайнида 44 та ахборот хизмати раҳбари томонидан ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар берилмаганини кўрсатган бўлса, 28 та ахборот хизмати раҳбари томонидан хорижий оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилинмаган, 15 та ахборот хизмати раҳбари томонидан муайян ахборот воқелиги муносабати билан видео форматида ёки матн шаклида расмий баёнот берилмаган.

Бундан ташқари, 9 та ахборот хизмати раҳбари томонидан фаолияти доирасидаги соҳага оид муаммолар ёритилмаган, 11 та ахборот хизмати раҳбари томонидан ўтказилган тадбирлар ҳақидаги ахборотни бугун кенг оммалашган расмий веб-сайт, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиш ҳолати (тезкорлиги) талаб даражасида эмас.

    Бошқа янгиликлар