Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов бошчилигида Cовид-19 – коронавируснинг Ўзбекистон туризм соҳаси ривожига таъсирини ўрганиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Видеоселектор тарзида ташкил этилган тадбирда ҳукумат аъзолари томонидан коронавирус тарқалишининг Ўзбекистонга кириб келиши олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тадбиркорларга батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, бугунги кунда туризм соҳаси субъектлари фаолиятида қайд этилаётган зарарлар, жумладан сайёҳлик гуруҳларини жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар муҳокамага қўйилди. Давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасида ушбу муаммоларни оператив ҳал қилиш ҳамда ушбу йўналишда қўшимча имкониятларни излаш, долзарб муаммоларга тезкор ечим топишга доир муҳокамалар олиб борилди.
Тадбир доирасида хусусий сектор вакиллари ушбу масала юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Туроператорлар дунёда коронавируснинг таъсири остида йўқотишли келиши кутилаётган мавсум учун солиқ таътилини эълон қилиш ҳамда авиа ва темир йўл транспорти чипталари бекор қилинганлиги учун жарималарни бекор қилишга оид таклифларини баён қилишди. Бундан ташқари, туроператорлар вақтинча бекор қилинган йўналишлар туфайли бўш турган самолётларни коронавирусдан холи бўлган Туркия, Қозоғистон каби давлатларга ҳамда ички авиақатновларга йўналтиришни таклиф қилишди. Бунда улар ушбу парвозларни Тошкент шаҳри билан бирга Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортлари орқали ҳам амалга ошириш ҳамда Урганч ва Бухоро шаҳарларини кунлик авиақатновлар билан боғлаш имкониятларини кўриб чиқишни сўрашди.
Муҳокамалар якунига кўра, мутасадди ташкилотлар томонидан коронавируснинг туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, уларнинг Ҳукуматга киритилиши белгиланди. Бунда айни дамда мураккаб вазиятга тушган тадбиркорлик субъектларини қўллаб- қувватлаш, ташқи таъсир омилини пасайтириш мақсадида ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имтиёз ва преференсиялар бериш, коронавирус қайд этилмаган давлатлардан сайёҳларни жалб қилишга оид қўшимча чора-тадбирларни кўриш, республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тадбиркорларга молиявий кўмак бериш имкониятларини ўрганиш, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш кўзда тутилади. Ташқи ишлар вазирлигига муайян давлатларда мамлакатга сайёҳларни жалб қилиш чораларини соҳа вакиллари билан бирга кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Маҳаллий ОAВга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан бирга ички туризмга доир тарғиботни янада кенгайтириш тавсия этилди. Тадбир сўнгида коронавируснинг соҳага таъсирини пасайтириш юзасидан тезкор чора тадбирлар режаси қабул қилинишига келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон энг хавфсиз, шунингдек коронавирусдан холи мамлакатлар қаторида қайд этилмоқда.






