Туркияда коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатган 24 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда РИА Новостига таяниб Қалампир хабар қилди.
Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда вирус ҳақида нотўғри ва провокацион хабарларни юборган 137 киши аниқланган. Улардан 24 нафари ҳибсга олинган. Бошқа гумондорларни қидириш давом этмоқда.
Воқеалар юзасидан Анқара прокуратураси "Расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш" ва "Аҳолини қўрқитиш ва ваҳима қўзғаш таҳдиди" моддалари бўйича тергов бошлади. Айни пайтда Туркияда коронавирус инфекциясининг 98 ҳолати қайд этилган, бир киши бу вирус сабаб вафот этган.
Ўзбекистонда эса коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган. Айни вақтда беморлар сони 15 нафарни ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари агар коронависру ҳақда ёлғон хабарлар тарқатишса уларга нисбатан чора кўрилиши айтилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни нотўғри талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган, фуқаролар тотувлигини бузиш ва вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатган ижтимоий тармоқлардаги 33 та аккаунт аниқланган. Улардан 25 таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8 таси эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли экани маълум бўлди. Ҳозирда мазкур фуқароларнинг шахси аниқланиб, тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.