Бу рассомларнинг ижод намуналари бугун юртимиздаги ва хориждаги музей, галереяларда сақланади. Улар нафақат ўзбекистонлик, балки хорижлик санъат ихлосмандлари кўнглидан ҳам жой олган. Ўзбекистон тасвирий санъатида ёрқин из қолдирган рассомларимиз талайгина. Чингиз Аҳмаров, Рўзи Чориев, Раҳим Аҳмедов, Ўрол Тансиқбоев, Акмал Икромжонов ва бошқа кўплаб мўйқалам соҳиблари шулар жумласидандир. Уларнинг шогирдлари, издошлари бўлган қуйидаги рассомлар Мустақиллик йилларида ҳам самарали ижод қилиб келмоқда. Улар ҳақида uz24.uz нашри маълумот беради.
1. Акмал Нур
Акмал Нуриддинов (Нур) 1959 йил Наманганда туғилган. 1984 йилда М.Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтини тамомлаган. 1990 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академиясининг ижодий бирлашмаси аъзоси. 2005 йилда Ўзбекистон халқ расссоми бўлди. 2012 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академиясини бошқариб келмоқда.
Рассомнинг ижодий ишлари Ўзбекистон давлат санъат музейи, Бадиий Академиянинг кўргазмалар дирекцияси, Урганч давлат галереяси ва бошқа жойларда сақланади. Шунингдек, Югославия, АҚШ, Ҳиндистон, Швейцариядаги музей ва галереяларда, Голландия, Германия, Белгия, Австралия, Исроил, Канада, Туркиянинг хусусий коллекцияларида ҳам бор.
А.Нур ижодида муҳаббат мавзуси етакчилик қилади. “Муҳаббат олмаси”, “Муҳаббат боғи”, “Муҳаббат дарёси”, “Муҳаббат ороли” номли ишлар шулар жумласидандир. Рассом ушбу асарларда турли рамзий образлардан – ой, балиқ, қайиқ, буқа, шох ва бошқалардан фойдаланган. Бироқ уларнинг ягона мотиви олма бўлиб, у биринчи планга олиб чиқилган.
2. Жавлон Умарбеков
Ўзбекистон халқ рассоми Жавлон Умарбеков1946 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1961-1966 йилларда П.П.Бенков номидаги республика рассомлик билим юртида таълим олган. Ана шу талабалик йилларининг ўзидаёқ Тошкент шаҳрида ўтказилган кўргазмада қатнашиб (1965 й.) “Ҳосил” номли асари билан биринчи мукофотга сазовор бўлган. Ж.Умарбеков “Ҳуайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ёшлиги”га бағишланган, 1968 йилда яратилган асарида икки дўстнинг шарқона образини тасвирлайди.
Жавлон Умарбеков ўз устози Чингиз Аҳмаровдан нафақат таълим олади, балки санъатга садоқат, аждодлар меросига ҳурмат ва муҳаббатни ҳам ўрганади.
Санъаткор ранг – баранг композицялар, портретлар, бой мазмунли манзара ва натюрмортларнинг муаллифидир. Унинг асарларида тарихий шахслар қиёфаси композициялар қамровида гавдаланади. Бу ўринда айниқса Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур каби тарихий шахслар образларининг тўлақонли гавдаланиши диққатга сазовордир. Жавлон Умарбековни «Шарқ куйчиси», «ўзбек Пикассоси»деб ҳам аташади.
3. Алишер Мирзаев
Ўзбекистон халқ рассоми, ранг-тасвир устаси Алишер Мирзаев 1948 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Замонавий рангтасвир санъатининг илғор вакилларидан бири.
Рассом асарлари бугунги кунда халқимиз ҳурматини қозониш билан бирга, кўпгина хорижий давлатларда ҳам маълум ва машҳурдир. Бу борада, айниқса, Германия, Болгария, Руминия, Италия, Франция каби хорижий давлатларда қўлга киритган муваффақиятларини таъкидламоқ керак. Рассом она табиат бағрида ўзбекона анъаналарни, тўйларни, беғубор ўзбек болаларини, лобар қизларни, муштипар оналар каби образларни акс эттира олишига муваффақ бўлган. Жумладан, “Тошкент – тинчлик ва дўстлик шаҳри” триптихи, “Болахонада”, “Интизорлик”, “Ёш оила ҳақида қўшиқ” каби ўнлаб асарлари мойбўёқларда ўз аксини топди.
4. Ортиқали Қозоқов
Таниқли ўзбек рассоми Ортиқали Қозоқов 1960 йилда Наманган вилоятида дунёга келган. Атоқли ижодкор юксак мукофот – Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали” (1997 йил) ҳамда Ватан равнақи йўлида қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби” фахрий унвони соҳибидир.
Рассомнинг шахсий кўргазмлари нафақат юртимиз, балки Вашингтон (1991), Москва (1994), Измир (1995), Нагано (1999), Любек (1997) каби қатор шаҳарларда намойиш қилинган. О. Қозоқовнинг асарлари Кипр, АҚШ, Франция, Италия, Япония, Буюк Британия, Испания, Бельгия, Туркия, Югославия, Марокаш, Канада, Исроил, Нидерлания, Жанубий Корея ва кўплаб бошқа хорижий давлатлар музейлари, бадиий галереялари ва хусусий тўпламлардан ўрин олган.
5. Леким Иброҳимов
Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор Леким Иброҳимов 1945 йилда Олмата вилоятида туғилган. 2001 йил Ўзбекистон халқ рассоми, 1998 йилда Ўзбекистон Бадиий Академия Олтин медали билан тақдирланган бўлса, 1999 йил Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги бўлди.
Л.Иброҳимов ижодида Шарқ мавзи асосий ўрин тутади, халқ эртак ва достонлари, ўзбек ва уйғур мумтоз шеърияти асосида яратган асарлари ўзининг лирик оҳанги, мазмуни билан эътиборини тортади: “Амир Темур”, “Алишер Навоий”, “Бобур” портретлари, “Ўзбек халқ эртаклари ”, “Сўқоқ қизлари” туркум асарлари ва бошқалар. Л. Иброҳимовнинг хорижий мамлакатларда шахсий кўргазмалари уюштирилган, халқаро ва республика кўргазмаларида асарлари билан иштирок этган.
Унинг 2000-2012 йиллар мобайнида яратган “Минг фаришта ва бир сурат» мега-асари рекорд ўрнатган. Мега-асар Прага, Москва ва Тошкентда намойиш этилган. Яхлит расмнинг ҳажми 500 метр квадратдан ошади. Картина ва конструкция оғирлиги 22 тоннадан иборат. Паннонинг баландлиги 8 метр, узунлиги эса 66 метрни ташкил этади.
6. Баҳодир Жалолов
Баҳодир Жалолов 1948 йил Тошкентда туғилган.1974 йил И.Е.Репин номидаги Ленинград давлат рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институтини тамомлаган. Ёшлик йилларида портрет санъатининг устаси Абдулҳақ Абдуллаевдан таълим олган.
У Ўзбекистон Халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳақиқий аъзоси, Қирғизистон Бадиий Академияси ҳақиқий аъзоси, Россия Бадиий Академиясининг фахрий аъзоси, К.Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессоридир.
1991 й. А.Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати бўлган.
Унинг ижодига Шарқ ва Ғарб, академизм ва модернизм, реаллик ва фантазия, интуиция ва ечимнинг аниқлигини таққослаш, дастгоҳлилик ва маҳобатлилик, текислилик ва фазовийлик хос. Рассомнинг асарлари Тошкентдаги Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Москва давлат Третьяков галереяси, Рассомлар уюшмаси конфедерациясининг халқаро Фонди, Замонавий санъат музейи, Лондондаги Букингем саройи ва Британия музейида, шунингдек, кўплаб чет эл шахсий тўпламларида сақланади.
Баҳодир Жалолов портрет санъатида кўп ютуқларга эришди. Унинг тўлақонли асарларида ўзбек халқининг севимли фарзандлари сиймоси ўз ифодасини топган. Бу ўринда айниқса академик рассом Ўрол Тансиқбоев, буюк олим, академик Воҳид Зоҳидов, санъатнинг машҳур дарғалари Комил Ёрматов, Малик Қаюмов, Муҳиддин Раҳимов, Ҳамро Раҳимова, Акром Тошканбоев, Дамир Рўзибоев каби улуғлар сиймоси сўзимизга мисолдир.
7. Дилором Мамедова
Дилором Мамедова 1974 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1998 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Д. Мамедова – замонавий ижодкор рассомлардан бири бўлиб, унинг ижоди асосан серқуёш Ўзбекистонинг гўзал табиатига бағишланган. Рассомнинг севган мавзуси ватанимизнинг бой маданияти, унинг чуқур ўтмишига таянган анъаналари хисобланади. Унинг реалистик жанрдаги кўпгина асарларида миллий урф-одатларимиз акс этган ижодий намуналарни кўришимиз мумкин. Рассом бошқа йўналишларда - авангард, абстракция, холстга ишланган графика ва мозаика услубларида ҳам ижод қилади. Ўзига хос холстга ишланган графикаси қизиқ, бироқ майда ва машаққатли бўлиб оддийгина гелли ручкада ишланади.
Дилором Мамедова шаҳар, республика ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаган. 2013 йил рассом “Мустақиллик” кунига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик танловида 1-ўрин, Хитойда ўтказилган “Биеннале- 2013” да 1-ўрин олди ва “Йилнинг энг яхши рассоми” дипломи билан тақдирланди.
Бугунги кунда рассомнинг асарлари Ўзбекистон давлат санъат музейида, Москвадаги “Никор” музейида ва Германия, Швейцария, Англия, Япония, Россия, Туркия, Австралия, Хиндистон, Хитой, Исроил ва АҚШдаги шахсий коллекциялардан жой олган.
8. Шаҳноз Абдуллаева
Шаҳноз Абдуллаева 1965 йилда Тошкентда туғилган. 1989 йил Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. Унинг илк ва бош устози профессор Чингиз Аҳмаров бўлади. Ш.Абдуллаева Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзоси. Унинг ижодида Шарқ аёллари, афсонавий образлар, шоиралар етакчилик қилади. Айниқса, фаришталар мавзусига кўп мурожаат қилган. Сабаби рассом фаришталар кўринмас бўлса-да, уларнинг мавжудлигига, бизнинг ёнимизда бўлишига ишонади.
Ш.Абдуллаеванинг асарлари Ўзбекистон давлат санъат музейи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Урганч ва Тошкентдаги тасвирий санъат галереяларидан, шунингдек, АҚШ, Германиядаги галереялар, Япония, Ливан, Финляндия, БАА, Россия, Буюк Британия, Ҳиндистон каби мамлакатлар элчихоналаридан ўрин олган.
9. Алишер Алиқулов
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Шуҳрат” медали соҳиби Алишер Алиқулов устоз рассомлар — Ғафур Қодиров ва Рустам Худойбергановдан рангтасвир сирларини ўрганди. Унинг талабалик йилларида ишлаган “Буюк империянинг ҳалокати” номли диплом асари ҳозирда Миллий рассомлик ва дизайн институтида сақланмоқда.
Алишер Алиқулов рангтасвирнинг маҳобатли ва дастгоҳли жанрларида бирдек ижод қилади. Мусаввирнинг 1996 йили пойтахтимизда бунёд этилган Олимпия шон-шуҳрати музейига ишланган “Қадимги Бақтрия спорт ўйинлари” номли панносини сара асарлар сирасига киритиш мумкин. Шунингдек,“Улоқ”, “Кураш”, “Пойга”, “Ёяндозлик”, “Найза улоқтириш”, “Тош кўтариш” каби асарларида ҳам миллий ўйинларимиз ранг-баранг, мураккаб композицияга эга реалистик йўналишда яратилган.
Ижодкор 1996 йили Темурийлар тарихи давлат музейи учун “Самарқанд бозори” асарини ишлаган. Музей залига ишланган яна бир асарда “Амир Темурнинг Тўхтамишхон устидан қозонган ғалабаси” акс этган.
2002 йили Ўзбекистон тарихи давлат музейи учун “Амир Темур ва жаҳон тарихи” панносини ишлаган. Ҳозирда унинг маҳобатли рангтасвир асарлари ватанимизнинг турли маданий ва маъмурий биноларини безаб турибди.
10. Рустам Худойберганов
Рустам Худойберганов 1970 йилда Тошкент Давлат педагогика институти “Бадиий графика” факулътетини (ҳозирги ТДПУ)ни тугатган. 1972-1975 й. Харъков (Украина) Бадиий Саноат институтида ўқиган ва 1979 йилда А.Островский номли театр ва рассомлик институтининг “Маҳобатли рангтасвир” бўлимини тамомлаб, ўз ижодий фаолиятини ёшларга таълим беришга бағишлади.
Унинг монументал асарлари Тошкент давлат консерваторияси (Витраж), Тошкент, Термиз, Урганч, шунингдек, Россия, Туркманистон, Тожикистон каби чет эл шаҳарларидаги жамоа биноларини безаб турмоқда. Рассомнинг “Амир Темур портрети”, “Бобур”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Султон Абдусаид мирзо”, “Тўмарис”, “Феруз портрети”, “Спитамен”, “Момо”, “Ҳожар хола”, “Отам портрети” ва “Асло таслим бўлмаймиз” (Ж.Мангуберди) тарихий картиналари каби портрет асарлари томошабинлар эътиборига тушган.