Одамлар қизиқ. Кўрмай, гувоҳи бўлмай туриб, шунчалар ишонч билан гапиришадики, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Ўтган ҳафта интернет олами, ижтимоий тармоқлар хусусан whatsapp, telegram деганлари тиним билмади. Ҳамманинг оғзида бир гап: “Ўзбекистон халқ артисти, эл ардоғидаги актриса Тўти Юсупова оламдан ўтибди”. Бу хабар бутун Республика бўйлаб тарқалиб, таҳририятимизга кўплаб қўнғироқлар бўлди. Бу гапга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбек миллий академик драма театрига, сўнг Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсуповага қўнғироқ қилдик. Гўшакни актрисанинг ўзи кўтарди.
Тўти Юсупова, Ўзбекистон халқ артисти:
— (кулиб) Худога шукр, соппа-соғман. Ортиқча шов-шув кўтаришга ҳожат йўқ. Айни дамда бироз тобим бўлмай касалхонада даволанаётганим учун ҳам шундай гаплар тарқалгандир. Тез орада ишга, мухлисларим ёнига қайтаман.
P\S: Ёдингизда бўлса газетамизнинг ўтган сонларида қорақалпоғистонлик сайёрамизнинг энг кекса аёли —135 ёшли Тўти момо Юсупова ҳақида мақола чоп этган эдик. Маълумотларга қараганда, тўрткўллик Тўти момо ўтган ҳафта вафот этган. Тушунмовчиликлар сабаб кўпчилик уни актриса билан адаштирган.
Марҳуманинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз. Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсуповага эса узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз.





