1

“Шайтанат”нинг якуний — 21-қисми нега эфирга берилмади? Ёдгор Саъдиев изоҳлади

МАДАНИЯТ 16.04.2020, 00:32
“Шайтанат”нинг якуний — 21-қисми нега эфирга берилмади? Ёдгор Саъдиев изоҳлади

30 март куни “Зўр ТВ” телеканалида намойиш этила бошлаган “Шайтанат” сериалининг якуний қисми 15 апрель куни телеканалнинг “программа”сидан жой олган бўлса-да, эфирга берилмади. Соат 20:00да бошқа сериал қўйилди. Бу эса турли миш-мишларга сабаб бўлди. 

Сериал режиссёри ва бош роль ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев “Kun.uz” нашрига берган изоҳида гап-сўзларга ойдинлик киритди. 

“Биз фильм намойиши бошланишидан аввал ўтказилган махсус телепремьерада “Шайтанат” 21-қисм билан тугайди деб айтгандик, аммо ҳар хил миш-мишлар пайдо бўлди. Эмишки, “Шайтанат”нинг 22, 23 ва 24-қисмлари ҳам бор экан. Бундай гап тарқатаётганлар билиб қўйишсин, «Шайтанат» 21-қисмда тугайди.

Экранларга чиқмаган янги 21-қисм ҳақида гапирадиган бўлсам, уни катта экранда намойиш этишни мақсад қилганмиз. Ҳозир мамлакатда карантин, шу сабаб намойишни кейинроқ ўтказамиз. Ахир бу янги фильм, унинг намойишини бошқа фильмлар қатори барча актёрлар иштирокида махсус премьерада ўтказамиз”, - деди Ёдгор Саъдиев.

Маълумот учун:

“Шайтанат” сериали Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик қаламига мансуб шу номдаги асар асосида 90-йиллар охирида Ёдгор Саъдиев раҳбарлигидаги “Қалқон” студияси томонидан ишланган. Сериал 20-серияда тўхтаб қолган ва деярли 20 йил мобайнида телевидениеда намойиш этилмаган.

Ёдгор Саъдиев “Даракчи” газетасига берган  интервьюсида ушбу сериал ва Асадбек роли ҳақида шундай деган эди:

—1994 йилда “Шайтанат” асарининг қўлёзмаси қўлимга келиб тушган бўлса, деярли тўрт йил давомида унинг устида ишлаб, 1998 йилда фильмни суратга олишни бошлаганмиз. Ўша йили “Сўнгги ўқ” видеофильми суратга олинаётган пайтда Ғайрат Убайдуллаев менга: “Тоҳир Маликда яна бир “Шайтанат” деган асар ҳам бор. Шуни ўқиб кўринг”, деб айтди. Мен Тоҳир акадан асарни сўраб олдим. Улар бердилар. Асарнинг биринчи китобини 2 суткада ўқиб чиқдим-да, Тоҳир акага: “Шу асарингизни менга беринг, фильм қилай”, дедим. Улар сокин овозда (табиатан шундай гапирардилар): “Ҳа, майли, ўзи сизга атаб ёзганман, шекилли” деб қўйдилар. 

Шундан кейин 1998 йили “Қалқон” студияси ташкил этилиб, “Шайтанат” фильми суратга олина бошланди. 

— Китобдаги Асадбек билан фильмдаги Асадбекнинг орасида фарқ бор. Буни китобни ўқиган, сўнг фильмни кўрган томошабинлар яққол сезишади. Бу кимнинг ташаббуси эди?

— Мен ўзим шундай қилганман. Бу борада Тоҳир Малик билан маслаҳатлашганман. Китобда Асадбек салбий қаҳрамон, фильмда эса унинг ижобий томонларини — мардлик, қатъиятлилик, ростгўйлик каби яхши хислатларини  очиб беришга ҳаракат қилганмиз. Шу боис ҳам томошабинлар уни яхши кўриб қолишган. Асарда Муҳиддин отанинг Асадбек ҳақида айтган бир гапи бор: “Асли бунинг палаги тоза эди, нега бу йўлга кирди?” 

Чунки у Қатағон йилларида бир ўзи қолиб кетганди, бу муҳитга тушиб қолишига давр сабабчи, муҳит сабабчи. Биз кўпроқ ўша даврга урғу бериб, сабабларини кўрсатиб берганмиз. 

Мен ўз миллатимни ёмон қилиб кўрсатгим келмаган. Ўзимнинг миллатимни аблаҳ, ярамас, олчин қилиб кўрсатишни хоҳламадим, хоҳламайман ҳам. Миллатимни ёмонлаб кўрсатишни мен ўзимга эп кўрмайман, бу менинг ички дунёимга тўғри келмайди.

“Сўнгги ўқ”да бош қаҳрамон Жаҳонгир қамоқхонада ўтирганида бир рус олими билан баҳслашиб қолади. Рус унга: “Сизларда маданият йўқ” деб айтади. Шунда Жаҳонгирнинг жаҳли чиқади ва: “Маданият нима дегани? Оврўпача кийиниб олишми ёки либосни ўзгартиришми? Йўқ, маданият, маърифат бу – инсон қалбининг поклиги. Сиз менинг миллатим ҳақида билмасдан бундай гапирманг. Мен бу халқни ҳар қандай камчилиги билан яхши кўраман, чунки бу - мени халқим”, - дейди. 

Мана шу сўзлар менинг юрагимга жо бўлиб қолганди, шунинг учун ҳам Асадбекнинг пасткашлик қилган саҳналарини олмаганман. Мисол учун, Ҳосил бойваччанинг отилиш саҳнасини ўзгартирганмиз. Мен асар муаллифига: “Асадбек Ҳосил бойваччани унинг қароргоҳига бориб отсин, ўз уйида, ота ҳовлисида бировнинг қонини тўкишини хоҳламайман”, деганман. Асарга кўра, Асадбек қўлига қўлқоп кийиб, Ҳосил бойваччани отади-да, қуролни Элчинга беряпти. Қуролда кимнинг қўл изи қоляпти? Элчинни. Демак, Асадбек аблаҳ ким? Асадбек. Фильмда эса Элчинни аралаштирмасдан ўзи бориб отяпти... 

Мана шу ишимиз халқимиз томонидан яхши қабул қилинди. Тоҳир аканинг ўзига ҳам маъқул келиб, менга: “Сизнинг Асадбекингиз бошқача бўляпти...”, деганди. Мен: “Сизникига ўхшамайди-а” десам, улар: “Йўқ ўхшамайди” деб жавоб қилганди.

“Шайтанат” ҳақида яна бир гапни айтишим керак. Кўпчилик уни “мафия ҳақидаги фильм” дейди. Лекин ундай эмас. Унда мафия йўқ. Бу сўзнинг маъносини тушуниб олишимиз керак. Давлатни бошқарувчи одамлар билан биргаликда қилинган жиноий ишларга мафия дейилади. Италияда пайдо бўлган. Асарда эса бир уюшган жиноий гуруҳ ҳақида гап кетади. 

— Маълумки, “Шайтанат” сериалида бош қаҳрамон ролини ижро этиш билан бирга, сериалнинг 7-қисмидан 20-қисмигача режиссёрлик қилгансиз. Нега айнан 7-қисмдан?

— Вазият шуни тақозо қилган. Ўшанда дастлабки қисмларини суратга олган режиссёр Жаҳонгир Қосимов бошқа ишга банд қилинган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1