АсосийJamiyat

Ўзбекистонда талабалар учун яна бир стипендия таъсис этилади

'Ўзбекистонда талабалар учун яна бир стипендия таъсис этилади'ning rasmi

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни имзолаган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда белгиланди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил октябрь ойида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади.

Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номи берилади.

Ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ташкил этилади ва у ҳар йили ўтказиб борилади.

Шунингдек, 2020 йил 15 сентябрга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбонини замонавий қиёфада қайта ташкил этиш ва унинг ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкалини 2022 йилда бронзага ўтказиш;

2020 йил 1 октябрга қадар Камолиддин Беҳзод ҳаёти ва ижоди ҳамда унинг Шарқ тасвирий санъатига қўшган беқиёс ҳиссасига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрлаш вазифаси топширилди.

    Бошқа янгиликлар