1

"Ушбу ажойиб фильмни мен жуда катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилдим" - Шавкат Мирзиёев "Илҳақ"ни эътироф этди

МАДАНИЯТ 09.05.2020, 17:27
"Ушбу ажойиб фильмни мен жуда катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилдим" - Шавкат Мирзиёев "Илҳақ"ни эътироф этди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. 

Давлат раҳбари ўз нутқи аввалида уруш ва меҳнат фахрийларини муборакбод этди. Тошкент шаҳрида барпо этилган  Ғалаба боғини эътироф этди.

"Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига бунёд этилган бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади.

Мана шу улкан майдонда қисқа муддатда жуда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида Ғалаба боғи, “Шон-шараф” музейи, “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументлари бунёд этилди. Халқимизнинг қонли жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар яратилди.

Агар вақт имкон берганда эди, уларнинг ҳар бири ҳақида соатлаб гапириш мумкин бўларди...", деди Президент.

Шавкат Мирзиёв "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган "Илҳақ" фильми ҳақида ҳам илиқ гапларни гапирди.

"Мен ўтган йили 9 май байрамида Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаб ўтган Зулфия Зокированинг ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга соладиган инсоний жасорати ҳақида сўз юритган эдим.

Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая ёлғиз ўзи беш ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказган. Иккинчи жаҳон урушида Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон деган бешта азамат ўғлидан жудо бўлган.

Уруш туфайли Зулфия Зокированинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Онаизор умрининг охирига қадар сув келса – симириб, тош келса – кемириб, қаҳрамон ўғилларининг азиз хотираси билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, юртнинг ташвиш ва қувончлари билан яшади.

Зулфия аянинг меҳр-оқибатли келинлари ҳам ундан ўрнак олиб, унга мадад бўлиб, барчаси ўз ёрига, оиласига содиқ қолди – бошқа турмуш қурмади.

Шу мавзуда ижодкорларимиз кўплаб мақолалар, шеър ва достонлар яратмоқдалар.

Бу ҳақда гапирганда, мен “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан яратилган “Илҳақ” бадиий фильми тўғрисида алоҳида тўхталмоқчиман. Истеъдодли ёш режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов суратга олган ушбу ажойиб фильмни мен кеча жуда катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилдим. Халқимиз ҳаётининг энг оғир, энг фожиали даврига бағишланган бу асар том маънода қаҳрамонлик қасидаси бўлиб, ҳар қандай одамнинг ҳам қалбини ларзага солади.

Даҳшатли уруш туфайли беш нафар баҳодир ўғлидан айрилган, умрининг охиригача фарзандларини илҳақ, яъни интизор бўлиб кутган Зулфия Зокирова сиймосида ўзбек оналари, ўзбек аёлларига мансуб энг буюк фазилатлар ниҳоятда теран ифода топган. Биз бу бадиий гўзал асарни бугунги улуғ байрам кунида барча телеканалларимиз орқали кенг намойиш этишга қарор қилдик.

Фурсатдан фойдаланиб, мен бутун халқимизни, айниқса, ёшларимизни мана шу фильмни оила даврасида кўришга, унинг қаҳрамонларидан ўрнак олишга даъват этаман", деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, "Илҳақ" бадиий фильмининг катта премьераси бугун, 9 май куни телевидение орқали бўлиб ўтади.  Картинани бир вақтнинг ўзида, яъни соат 19:40да “МУ5”, “Sevimli”, “ZOʻR TV”, телеканаллари ва 10 та нодавлат ҳудудий телестацияларини бирлаштирган “Uzbekiston-online.uz” телетармоғида томоша қилишингиз мумкин.

Айни пайтда (соат 17:00 да бошланган) ушбу фильм “Oʻzbekiston 24” телеканалида илк бор намойиш этилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1