2027 йилдан Ўзбекистонда 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари ва соҳадаги устувор вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида суд тизими раҳбарлари билан учрашди. Унда судлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳаси тақдим этилди.
Стратегия аҳоли таклифлари, олимлар, амалиётчи юристлар ва адвокатлар билан ўтказилган мулоқотлар ҳамда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган. Ҳужжатда 57 та вазифа, 2026–2028 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурида 160 та чора-тадбир ва 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган 33 та мақсад белгиланган.
Энг асосий ўзгаришлардан бири суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимига тааллуқли.
2027 йил 1 июлдан қуйи судлар қарорларини қайта кўриб чиқиш холислигини ошириш мақсадида 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланади, тафтиш инстанциясининг ваколатлари эса ҳудудлараро судларга берилади.
Бу орқали бир суднинг ўз қарорини ўзи қайта кўриб чиқишига чек қўйилади. Шунингдек, фуқароларнинг адолат излаб Тошкентга бориш зарурати камайтирилади.
Фуқароларга кўпроқ яқин бўлиши учун 2030 йилга қадар заруратдан келиб чиқиб, қарийб барча туман ва шаҳарларда фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Барча судларда ахборот олиш, мурожаат топшириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш “ягона дарча” тамойили асосида ташкил этилади.
Шунингдек, фуқаро судга нотўғри судловга тегишли ариза берса, ҳужжат унга қайтарилмайди. Суднинг ўзи аризани тегишли судга юборади. Аризада жузъий камчиликлар бўлса, суд фуқарога уларни бартараф этишда кўмаклашади.
Тадбиркорлар ҳужжатни қайта-қайта топширмайди
Иқтисодий низоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандарти жорий этилади.
Бу тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлиши ва бир ҳужжатни қайта-қайта топширишига чек қўйиши керак.
Тергов ва суриштирув босқичларида инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш учун “асосли гумон” стандарти ҳам жорий этилади.
Тергов судьяси санкция бериш масаласини кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги, гумон ёки айблов учун асослар етарлилигини текшириши ва зарур қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши мумкин бўлади.
Бу шахснинг эркинлиги асоссиз чекланишининг олдини олишга қаратилган.
“Прецедентлар реестри” юритилади
Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсати қарорларини қамраб оладиган очиқ “Прецедентлар реестри” ташкил этилади.
2028 йилдан эса “суд маъмурчилиги” институти жорий қилиниб, судьялар одил судловга дахлдор бўлмаган ташкилий вазифалардан озод этилади.
“Рақамли суд” концепцияси барча судларда тўлиқ ишга туширилади. “my.sud.uz” портали ва унинг мобил иловаси такомиллаштирилади.
Режага кўра, судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизи электрон шаклда берилади. Суд мажлисларининг 100 фоизи аудиоёзув орқали қайд этилади. Олий суд ахборот тизимлари фойдаланувчилари сони эса камида 5 баравар оширилади.
Бундан ташқари, медиация ва ярашув механизмлари кенгайтирилади. Ноқонуний деб топилган маъмурий ҳужжатларнинг очиқ реестри юритилади.
“Халқ вакиллари ҳайъати” иштирокида кўриладиган жиноят турлари сонини камида 3 тага етказиш режалаштирилган.
Учрашувда суд аппарати ходимлари учун махсус хизмат кийими намунаси ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилишича, бу фуқароларга суд ходимларини осон таниб олиш ва уларнинг касбий масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Конституциявий суд ишларини юритишни такомиллаштириш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, суд мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда суд тизими ходимларининг хорижда малака оширишини ташкил этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Президент стратегия лойиҳасини маъқуллади ва унда назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган фармонни имзолади.






