АсосийJamiyat

Икки вазирлик Пешкўдаги ҳолат бўйича маълумот берди

'Икки вазирлик Пешкўдаги ҳолат бўйича  маълумот берди'ning rasmi

Бухоро вилояти Пешкў туманида жойлашган  Болалар ва ўсмирлар мактабида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. 

Ўрганиш давомида, 2020 йил 17 июнь куни Пешкў туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори топшириғига асосан телеграмм группасини юритишга масъул бўлган ходим томонидан мураббийларга 2020 йил 18 июнь куни мактабга соат 08:00 га шанбаликка етиб келишлари билдирилган.

Мазкур хабарга асосан, мактабнинг 43 нафар спорт мураббийлари 2020 йил 18 июнь куниободонлаштириш ишларига жалб қилининганлиги аниқланди.  Шу сабабли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига кўра 11 млн 150 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди

Пешкўдаги ҳолат юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати ҳам расмий баёнот берди. Вазирлик топшириғига асосан, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари бошчилигидаги масъул ходимлар мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Пешку туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етиб борди.

Маълумки, Республика Махсус комиссияси томонидан пандемия талабларининг юмшатилиши натижасидабарча «яшил» ҳудудларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спорт секциялари ва тўгараклари фаолияти қайта тикланмоқда.

Пандемия даврид спорт мактаби тўлиқ иш фаолиятини тўхтатган. Эндиликда спорт секциялари фаолияти қайта тикланишига тайёргарлик кўриш мақсадида ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда мактаб жамоаси мактаб ҳудудларини ободонлаштириш учун ихтиёрий равишда шанбаликка таклиф этилган.

Масъуллар томонидан ҳолат ўрганилгач, ходимларга ўз фаолиятидан ортиқча вазифа берган Пешку туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи ҳамда туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорига интизомий жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги юзасидан қаттиқ огоҳлантириш берилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тренерлар ва ходимларнинг ўзбошимчалик билан мажбурий меҳнатга жалб этилишини олдини олиш мақсадида тизимдаги барча ташкилот ва муассасаларда тушунтириш ишларини кучайтиради.

    Бошқа янгиликлар