Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўрта Чирчиқ тумани 20 июнь ҳолатига «қизил» ҳудуд, деб белгиланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги маълум қилди.
Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги вино заводида ишловчи 5 нафар ўртачирчиқлик фуқарода инфекция аниқлангани боис, ҳозирда уларнинг хонадонлари қатъий назоратга олинган. Шунингдек, улар билан мулоқотда бўлганлар ҳам тиббий кузатув остида.
Шунингдек, Ўрта Чирчиқдаги 4 та ички кўчалар карантинга ёпилди. Ушбу кўчаларда ҳаракатланиш тақиқланди.
Бундан ташқари, йўл ёқалари ва кўзга кўринарли жойларга «қизил» ҳудуд» белгилари ўрнатилди.
"Азиз юртдошлар!
Хавотирга ўрин йўқ. Барча эҳтиёт чоралари кўрилган. Туманда дезинфекция ишлари доимий олиб борилмоқда.
Ўз уйимиз - энг хавфсиз ҳудуд.
Зарурат бўлмаган тақдирда ташқарига чиқманг. Карантин талаблари ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг!" - дейилади хабарда.






