Интернетда Шайхонтоҳур туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса бўйича қуйидагиларни маълум қилди:
28 июнь куни тахминан соат 20.50 да Зулфияхоним кўчасида (Райхон кафеси қаршисида) «Spark» русумли автомобиль ҳайдовчиси 53 ёшли Т.И. йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмоқчи бўлган пиёда 10 ёшли Ф.Н.ни уриб юборган (пиёдалар йўлакчаси ҳодиса жойидан юз метр узоқликда эди).
ЙТҲ натижасида пиёда тан шикастлари билан тиббий муассасага етказилди, аммо шифокорларнинг уринишларига қарамасдан, ҳаётдан кўз юмди. Марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси иккинчи қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари. Бу каби ҳолатларнинг олдини олишда ҳайдовчиларнинг ҳам, пиёдаларнинг ҳам ўринлари муҳим. Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилинг. Ота-оналардан фарзандларига йўл ҳаракати қоидаларини тез-тез тушунтириб туришларини сўраймиз, дейилади хабарда.






