1

ОТМлардаги Сall-марказлар фаолияти "сирли қўнғироқ" усулида ўрганилди. Натижа эса "Қоровулхонага тушдингиз"...

ЖАМИЯТ 04.07.2020, 19:21
ОТМлардаги Сall-марказлар фаолияти "сирли қўнғироқ" усулида ўрганилди. Натижа эса "Қоровулхонага тушдингиз"...

Бугун, 4 июль куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов раҳбарлигида ОТМларда қабул жараёнларининг бориши масалаларига бағишлаб видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Унда ОТМлар ректорлари ва филиаллар директорлари, ўқув ишлари бўйича проректорлар, ўқув-услубий бошқарма бошлиқлари, қабул бўйича масъул котиблар, магистратурага қабул бўйича масъул ходимлар иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди. 

Йиғилишда аҳоли томонидан норозиликлар келтириб чиқараётган муаммоли масала – call-марказлар фаолияти танқидий кўриб чиқилди.  

Маълум қилинишича, бугун (4 июль куни) соат 9:00 дан 12:00 гача бўлган вақтда вазирлик ходимлари томонидан ОТМларда ташкил этилган Call-марказларига ўрганиш учун қўнғироқ қилинганда АнДУ, ТДШУ, ТошДЎТАУ, ЎзХИА, ЎзХА, МРДИ, ТКТИ Янгиер филиали, ТАТУ Самарқанд филиали, СамВМИ Тошкент филиали, БухТИда қўнғироқларга жавоб берилмаган.

Қорақалпоқ тиббиёт институти ходимлари эса "Қоровулхонага тушдингиз" деб жавоб берган.

"Call-марказга тажрибали ва масъулиятли ходимлар бириктириш белгиланган. Аммо берилган саволларга баъзи олий таълим муассасаларидан тўлиқ жавоб олинмади ва айрим ОТМларда берилган оддий саволларга ҳам жавоб бериш ўрнига сансалорликка йўл қўйилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки Давлат тест марказига қўнғироқ қилишни  маслаҳат бериш билан чекланмоқда.

Бундай ҳолатлар ТДПУ, ЎзМУ, ТМИ, СамДТИ, ТАҚИ, НукДПИ, ТошДСИ, СамДУ, СамДЧТИ, СамИСИ, ЎзЖОКУ, ТошДТУ Олмалиқ филиали, НавДКИ Нукус филиаларида кузатилди" дейилади хабарда.

Зарурат бўлса, фаолияти талаб даражасида ташкил қилинмаётган сall-марказларга ўқув ишлари проректорларини, масъул котибларни доимий бириктириб қўйиш топширилди.  

Сall-марказлар фаолиятини бундай "сирли қўнғироқ" усулида ўрганиш ва баҳо бериш ишлари узлуксиз амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1