1

Бу йил 1-синфга қабул қилиш тартиби қандай?

ЖАМИЯТ 11.07.2020, 17:48
Бу йил 1-синфга қабул қилиш тартиби қандай?

Коронавирус билан боғлиқ вазиятда халқимиз синовли кунларни бошдан ўтказмоқда. Яшаш тарзимиз қисман ўзгарган, тартиб-қоидалар янгиланмоқда. Шундай кунларда аҳолида кўплаб саволлар туғилиши табиий. Улардан бири мактабларнинг 1-синфига қабул масаласи. Бу жараён пандемия шароитида қандай амалга оширилади?

Бунга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Мактаблар бошқармаси бош мутахассиси Акмал Ҳамидовга бир-неча саволлар билан мурожаат қилди.

– 2020/2011 ўқув йилида 650 минг 116 ўғил-қизни 1-синфга қабул қилиш режалаштирилган, – деди А.Ҳамидов. – Болаларни мактабга қабул қилишнинг биринчи шарти карантин қоидаларига риоя этишдир. Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда ўқувчиларнинг ҳужжатлари 6-31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида, мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб эса, яъни бўш ўқувчи ўринлари қолган тақдирда 1-25 август кунлари микроҳудуддан ташқарида қабул қилинади.

Шунингдек, илк бор Тошкент шаҳрида синов-тажриба асосида онлайн навбатга қўйиш (qabul.maktab.uz) тизимини ишга туширдик. Тажриба муваффақиятли амалга ошса, кейинги йилдан республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишни истардик, яъни ота-оналар фарзандини, биринчи навбатда, яшаш манзилига яқин микроҳудуддаги мактабга ҳамда бола сўзлаша оладиган тилдаги таълим йўналишига беришни тавсия этардик. Шундай ота-оналар борки, ўзлари рус тилида мутлақо сўзлаша олмайди, лекин фарзандини рус синфига қўяди. Бу боланинг фанларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади. Пандемия шароитида телевидение орқали онлайн узатилган рус тилидаги дарслар ҳам шуни кўрсатдики, ота-она фарзанди билан мустақил шуғулланиш имконияти йўқ. Сабаби ўзи бу тилни тушунмайди. Бола эса ўзи билмаган тилда бир қанча фанларни ўзлаштириши керак. Ўз-ўзидан бу болада таълим сифати пасайиб кетишига олиб келди.

Бундан ташқари 6 ёшли фарзандини мактабга бераётган ота-оналарга боланинг мактабга тайёргарлик даражасига яхшилаб эътибор беришини ҳамда имкон қадар фарзандини яна бир йил болалик муҳитида қолдиришни тавсия қиламиз.

– Биринчи синфга қабул учун тўлов борми?

– Фуқаролардан бизга бу каби бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушяпти. Таъкидлаш керакки, давлат мактабларининг биринчи синфига қабул қилишда ҳеч қандай тўловлар мавжуд эмас. Мамлакатимизда умумий ўрта таълим олиш бепул.

– Вилоятдан келган ота-оналар фарзандини мактабга бериши учун прописка талаб қилинадими?

– Бу тоифадаги ота-оналар фарзандини 1-синфга ўқишга беришда вақтинча турган жой бўйича рўйхатга олинганлик варақасини ёки ижарада тураётган бўлса ижара шартномасини тақдим этиши мумкин.

Умуман олганда, ҳудудлардан келиб пойтахтда яшаётган ота-оналардан қатъий тартибда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш (аввалги доимий прописка) талаб этилмайди.

– Биринчи синфга қабул жараёнида қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

– Бунинг учун аввало ота ёки она мактаб директори номига фарзандини 1-синфга қабул қилишини сўраб ариза ёзади. Ота-онанинг паспорти (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича вақтинча ҳисобга олингани ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда), боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхалари, соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома, 3,5х 4,5 ўлчамдаги 4 дона рангли фотоси керак бўлади.

– Одатда 1-синф ўқувчилари ўқув йили бошланмасидан олдинроқ мактабга жалб қилиниб, уларга кўникма дарслари ташкил қилинарди. Бу йил бу тартиб қандай?

– Амалиётда мактабга чиқишдан аввал ота-оналарнинг хоҳишларига кўра мактабга тайёрлов машғулотлари ўтказилган, ҳозирда юртимизда карантин чекловлари амалда бўлгани ва мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ тўхтатилганлиги боис, бунинг имкони йўқ. Лекин ўқув йили бошланганда бошланғич синф ўқитувчилари ва психологлар томонидан болаларнинг мактабга мослашув жараёнларини тезлаштириш учун амалий ёрдам кўрсатилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1