Эрта турмуш – никоҳ ёшига етмаган йигит-қизларни ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англамаган ҳолатда турмушга бериш ёки уйлантириш ҳолатларининг олдини олиш – Олий Мажлис Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси олдига қўйилган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик
масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматова бу борада Ўзбекистондаги вазият ва чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Маълум қилинишича, олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида қизларни эрта турмушга бериш билан боғлиқ вазият сўнгги икки йилда ижобий томонга ўзгарди. Хусусан, 2018 йилда 16 ёшли аёллар ва 17 ёшли эркаклар орасида тузилган никоҳларнинг сони жами 7 тани, 2019 йилда 5 тани ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 16 ёшли қизлар орасидаги эрта никоҳ ҳолати қайд қилинмаган.
Сўнгги йилларда 18 ёшга тўлмаган қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари ҳам камайиб, 2018 йилда бундай салбий ҳолатлар 1,5 мингдан зиёд бўлган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 1,2 мингтани ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 231 та эрта туғруқ ҳолатлари қайд этилган.
Таҳлилларга кўра, ушбу муаммога, аввало, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва тиббий маданиятининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда. Қолаверса, жамиятда қизларга нисбатан анъанавий қарашлар ўз кучини йўқотмаганлиги ҳам бундай вазиятларга олиб келмоқда.
Эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари кузатилган ўқувчи қизларнинг қарийб ярми ота ёки онасиз оилаларда яшаётганлиги аниқланган. Шунингдек, оиладаги етишмовчилик, ота-оналарнинг ишсизлиги ёки кам даромад топиши ҳам қизлар тарбиясига салбий таъсир қилмоқда.
Кейинги йилларда аҳоли орасида оилавий ажралишлар сони камайган бўлса-да, масала долзарблигича қолмоқда. Қайд қилинган никоҳларнинг 10 фоизи ажралишлар билан якунланмоқда.
Оиладаги етишмовчилик, уй-жой билан боғлиқ муаммолар, муносабатларга ота-она ва бошқа қариндошларнинг ноўрин аралашуви, эр ва хотин ўзаро муроса қилмаслиги, улардан бири зарарли одатларга ружу қўйиши каби кўплаб сабаблар оилавий ажралишларга олиб келмоқда.
Шу жиҳатдан куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унга кўра, Эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020–2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ҳужжатда ажралишларнинг олдини олиш, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Адлия вазирлиги, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида ўтказиладиган ўрганиш натижалари асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, дастурда Ўзбекистон Республикасида 2021-2025 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш кўзда тутилган. Бунда уларни кўрикдан ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш, эрта турмуш, эрта туғруқ ва оилавий ажралишлар тўғрисидаги маълумотларнинг ёши бўйича ягона хисоблаш методологиясини ишлаб чиқиш каби чора-тадбирлар ҳам белгиланган.






