1

Айбсиз айбдор бўлган мансабдор ва икки нафар ходимнинг айбсизлиги такрор исботланди

ЖАМИЯТ 07.08.2020, 12:39
Айбсиз айбдор бўлган мансабдор ва икки нафар ходимнинг айбсизлиги такрор исботланди

Дастлабки тергов органи томонидан 2013 йилдан 2017 йил 29 июнга қадар Суд ижрочилари Наманган шаҳар бўлими катта суд ижрочиси лавозимида ишлаган Б.Қ. мансаб ваколати доирасидан четга чиққан. Аниқроғи, мансабдор Президентимизнинг 2001 йил 29 августдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига амал қилмаган. Ижро ҳужжатлари суд ижрочилари Наманган шаҳар бўлими биносида сақланиши лозим бўлса-да, ижрочиларнинг иш юритувидаги ижро ҳаракати ўтказилиши лозим бўлган 4.021 та ижро ҳужжатларини МЧЖга қарашли офисга паст ниятларда олиб чиқиб қўйганликда айбланган... 

            Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва 2017 йил 30 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3016-сонли Қарори, Бош прокурорнинг 2017 йил 1 июндаги 12-Ф-сонли Фармойиши талабларига кўра, келгусида ижро ҳаракатларини давом эттириш учун ушбу ижро ҳужжатларини янги ташкил қилинган МИБ Наманган шаҳар бўлимига тегишли тартибда далолатнома асосида топшириши лозим бўлса-да, юқорида қайд этилган Фармон ва Қарор талабларини бажармаган. Бўлимнинг иш юритувида бўлган жами 4.021 та ижро ҳужжатларини янги ташкил қилинган МИБ Наманган шаҳар бўлимига топширмаган. Ушбу ижро ҳужжатларини яшириш ва ижро ҳаракатлари ўтказилмаслиги оқибатида, улар бўйича ундирилиши лозим бўлган 7.513.186.300 сўмлик ундирув, жумладан, 316.375.100 сўмлик давлат божи ва 99.959.700 сўмлик ижро йиғими ундирилмай қолишига   сабабчи бўлган. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ҳамда давлат манфаатларига 7.513.186.300 сўм моддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.

            Шунингдек, мансаб сохтакорлигига йўл қўйиб, Суд ижрочилари Наманган шаҳар бўлими томонидан 2017 йил 29 июндаги ижро ҳужжатларини топшириш ва қабул қилиш тўғрисидаги далолатномага Суд ижрочиларининг Наманган  шаҳар бўлими ҳисобидаги 448.239.000.0000 сўмлик 86.638 та ижро ҳужжатларини киритиб, гўёки “бўлимда бошқа ижро ҳужжатлари қолмади” деб, бўлим иш юрутувидаги жами 4.021 та, улар бўйича 7.513.186.300 сўмлик ундирув, 316.375.100 сўмлик давлат божи ва 99.959.700 сўмлик ижро ҳужжатларини топшириш ва қабул қилиш далолатномасига киритмаган. Мазкур далолатномага ижро ҳужжатлари ва уни қиймати ҳақида сохта ёзувлар киритиб, ҳужжатларни қалбакилаштирган. Ҳужжатларни қалбаки эканини била туриб, топшириш ва қабул қилиш далолатномасини МИБ Наманган шаҳар бўлимига тақдим этган.

            Суд ижрочилари Наманган шаҳар бўлими суд ижрочиси вазифасида ишлаган С.Х. ва Р.М. бир гуруҳ бўлиб, юқорида қайд этилган Қонун, Фармон ва Қарор талабларига амал қилишмаган. Бўлим биносида сақланадиган, иш юритувларидаги ижро ҳаракатлари ўтказилиши лозим бўлган 1.320 та ижро ҳужжатларини паст ниятларда хонадонга олиб чиқиб қўйган. Ушбу ҳужжатларни янги ташкил қилинган МИБ Наманган шаҳар бўлимига топширмаган. Ижро ҳужжатларини яшириш ва ижро ҳаракатлари ўтказилмаслиги оқибатида, улар бўйича ундирилиши лозим бўлган 2.415.889.200 сўмлик  ундирув, жумладан, 12.200.400 сўмлик давлат божи ва 6.836.600 сўмлик ижро йиғими ундирилмай қолиши ва давлат манфаатларига 2.415.889.200 сўм моддий зарар етказилишига сабабчи бўлишган.

             “ҚИЛМИШЛАРИДА ЖИНОЯТ ТАРКИБИ БЎЛМАГАНИ САБАБЛИ ОҚЛАНИШГАН”

БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУД МАЖЛИСИ...

            Сардорбек АБДУСАТТОРОВ, Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди раиси: 

— Жиноят ишини биринчи инстанция суд мажлисида кўриб чиқиш давомида суднинг ажримига кўра, қайта ўтказилган текширишда мансабдорга қўйилган айблов юзасидан 4.021 та ижро ҳужжатларидан қолдиқдаги қисми бўйича 39 та ижро ишлари бўйича жами 876.732.751 сўмлик ундирув амалга оширилган. Бундан ташқари, 1 та ижро ҳужжати яъни, судланган фуқаро ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича 1.716.139.700 сўм ундириш белгиланган бўлса-да, қолдиқ рўйхатида 2.846.547.366 сўм кўрсатилиб, 1.130.407.666 сўм ортиқча киритиб юборилгани сабабли ушбу сумма чегирилган. 4.021 та ижро ҳужжатларининг қолдиқдаги қисмидан 39 та ижро ишлари бўйича 2.007.140.417 сўмлиги қисқартирилганида, ундирилмай қолган сумма 4.891.821.389 сўмни ташкил этган.

ҚЎЙИЛГАН АЙБЛОВ ЮЗАСИДАН...

— 1.320 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижрочилар кесимида ўтказилган ўрганишда, қолдиқдаги қисми бўйича 1 та 1.355.334.000 сўм ундириш белгиланган бўлса-да, ўрганиш давомида мазкур ижро ҳужжати номулкий тусдаги ижро ҳужжати бўлгани сабабли ушбу сумма чегириб ташланиб, фуқаро зиммасидаги қолдиқ 518.152.269 сўмни ташкил этган. С.Х.нинг иш юритувида бўлган 490 та 401.700.000 сўмлик ижро ҳужжатларидан 475 та 371.100.000 сўмлик ижро ҳужжатлари ижроси таъминланган. Қолдиқда 15 та 30.500.000 сўмлик ижро ҳужжатлари мавжуд бўлган. Шунингдек, қолдиқда 3.100.000 сўмлик давлат божи ҳамда 1.000.000 сўмлик ижро йиғими мавжудлиги, шундан қарздордан давлат фойдасига 26.782.500 сўм ундириш юзасидан 2013 йил 2 октябрда қарздорга қидирув эълон қилингани аниқланган. С.Х. зиммасидаги ундирилмаган сумма 7.817.500 сўмни ташкил қилиши аниқланган.

            ЖИБ Учқўрғон туман судининг 2019 йил 18 февралдаги ҳукмига кўра:

            Б.Қ. ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми, 208-моддаси, 209-моддаси 1-қисми, 227-моддаси 1-қисми билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан, С.Х. ва Р.М. ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми, 208-моддаси, 209-моддаси 1-қисми, 227-моддаси 1-қисми билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан қилмишларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли оқланган.

          ЖИБ Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 25 апрелдаги ажрими билан суднинг оқлов ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

                        “ИЖРО ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ИЖРОСИ ТАМОМЛАНМАГАНИНИ БИЛМАГАН”

            Тўлқин ТЎРАҚУЛОВ, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди раиси ўринбосари: 

— Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 20 февралдаги ажрими билан ЖИБ Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 25 апрелдаги ажрими бекор қилинган. Жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилган. Протестда уччовига нисбатан асоссиз оқлов ҳукми чиқарилгани ҳақида важлар келтирилиб, оқлов ҳукмини бекор қилиб, айблов ҳукми чиқариш сўралган.

            Судлов ҳайъати иш бўйича протестдаги важларни жиноят ишидаги ҳужжатлар билан бирга таҳлил қилиб, ЖК, ЖПКнинг тегишли моддаларига кўра суд ҳукмини ўзгаришсиз, протестни қаноатлантиришсиз қолдиришни лозим топди. 

Иш материалларига, биринчи ва апелляция инстанцияси суд мажлисларида аниқланган ҳолатларга қараганда айблов хулосасида қайд этилган ижроси таъминланмагани кўрсатилган ижро варақалар Б.Қ.ни эмас, балки суд ижрочиларининг иш юритувида бўлган. Ижро ишларини ташкил этиб, бевосита ижро ҳаракатларини амалга ошириш ва ижрони якунлаш ёки уни тегишли тартибда қайтариш шу ижро ҳужжати иш юритувида бўлган суд ижрочисининг зиммасида бўлган. Ижро ҳаракатлари ўз вақтида бажарилмаган ва ижроси тамомланмаган ижро ҳужжатларини архивга ўтказиш учун тайёрлашга олиб чиқилган ҳужжатлар орасига айнан ижрочилар қўшиб юборган. Улар томонидан ўз иш юритувларида бўлган ижро ҳужжатини тамомланмаган ҳолда олиб чиқишаётганини айтишмаган. Ушбу ҳужжатларни ижроси тамомланмаганини мансабдор билмаган. Шахсан ўзи ижро ҳужжатларини саралаб ажратиб, уларни олиб чиқишда иштирок этмаган. Ушбу ҳолатлар гувоҳларнинг асосли кўрсатмалари билан тасдиқланган.

            Дастлабки тергов органи томонидан тергов ҳаракатлари бир томонлама фақатгина айблов доирасида олиб борилган. Б.Қ. С.Х. ва Р.М. ижро ҳужжатларини паст ниятларда хонадон ва офисга олиб чиқиб қўйишганини исботловчи далиллар тўпланмаган ва буни судда тўплашнинг имкони йўқ.

ИШ ҲУЖЖАТЛАРИГА КЎРА...

— 2017 йил 29 июндаги топшириш ва қабул қилиш далолатномаси Б.Қ. томонидан эмас, балки суд ижрочилари томонидан бевосита ўзларининг юритувида бўлган ижро ҳужжатлари асосида тузилган. Офисда сақланган ҳужжатлар тамомланган ҳужжатлар бўлгани сабабли далолатномада акс эттирилмаган. Ҳар бир ижрочи ўзининг иш юритувидаги ижро ҳужжати бўйича рўйхат шакллантириб, имзолаган ҳолда Б.Қ.га тақдим қилган. У мазкур рўйхатларни жамлаб, далолатномага киритган. Б.Қ. ижрочилар томонидан шакллантирилган   ушбу   рўйхатларни   қалбакилаштирмаган, у қўл остидаги 24 нафар суд ижрочилари томонидан имзоланган ҳолда тақдим қилинган маълумотларни имзолаб берган. 

Офисда сақланган 4.021 та ижро ҳужжатлари, С.Х. ва Р.М.нинг иш юритувларидаги хонадонда сақланган 1.320 та ижро ҳужжатлари Суд ижрочилари Наманган шаҳар бўлими кирим китобида ва “Е-ижро” дастурида экс эттирилган. Уларни йўқ қилиб юбориш имконияти мавжуд бўлмаган. 

Дастлабки тергов органи томонидан жиноят ишини бир қисмини тугатиш тўғрисидаги қарори билан 27 нафар собиқ суд ижрочилари офисга жами 32.635 та ижро ҳужжатларини шаҳар бўлимида архив етишмагани, ушбу ҳужжатларни йўқ бўлиб кетишини олдини олиш, уларни архивга ўтказиш мақсадида ҳаракат қилган. Суд ижрочисининг иш ҳажми меёрлари ҳар ойда 1 нафар суд ижрочиси учун 18,9 дона, чоракда 56,7 дона, 1 йилда 226,8 дона ижро ҳужжатини ижро этиш белгиланган. Суд ижрочиларининг иш юритувида ижро ҳужжатлари сони кўплиги, ҳар бир суд ижрочисига ойда 138 дона, чоракда 414 дона, бир йилда 1.356 донага тўғри келгани сабабли, ижро ҳужжатларини ижросини тўлиқ таъминлашни имкони йўқлиги кўрсатилган. Уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли ишнинг уларга оид қисми ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатиш ҳақида тўхтамга келинган бир вазиятда, Б.Қ. С.Х. ва Р.М.ни айнан шундай ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилиб, хатога йўл қўйилган.

МИБ Наманган вилоят бошқармаси бошлиғининг 2018 йил 19 апрелдаги буйруқларига асосан Р.М. ва С.Х. эгаллаб турган МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочиси лавозимидан озод қилиниб, МИБ органлари тизимидан бўшатилган. 2018 йил 13 августдаги буйруқга асосан эса Б.Қ. эгаллаб турган  МИБ Наманган шаҳар бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимидан озод қилинган. 

Уч нафар ходимнинг содир этган ножўя хатти-ҳаракатларида фақатгина Бюро ходимларининг “Касб одобномаси” талаблари қўпол равишда бузилгани учун интизомий жавобгарликка тортишга сазовор бўлган қилмиш мавжуд бўлган. Улар МИБ Наманган вилоят бошқармаси бошлиғининг буйруқларига асосан шундай жавобгарликка тортилган бўлсалар-да, уларнинг ҳаракатларида жиноий жавобгарликка тортишга сазовор бўлган мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, мансабга совуққонлик билан қараш жиноят таркибида мавжуд эмаслигидан ташқари, уларнинг ижро ҳужжатларини паст ниятларда яширганликлари ҳам исботланмаган. 

      Бундай ҳолатда судлов ҳайъати тергов органи уларни шубҳа ва тахминларга асосланиб, ушбу ижро ҳужжатларини яширганликда асоссиз айблаган, деб ҳисоблайди. Юқоридаги асосларга кўра, апелляция судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди судланувчиларга нисбатан оқлов ҳукми чиқариб, асосли хулосага келган.

       ЖИБ Учқўрғон туман судининг 2019 йил 18 февралдаги оқланганларга нисбатан чиқарган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция протести қаноатлантиришсиз қолдирилди.

                                                                                                           Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1