АсосийЖАМИЯТ

Андижонда озиқ-овқат захираси: “Бунақаси биринчи марта бўляпти” – Ҳоким

20 октябрь куни Андижон вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган озиқ-овқат хавфсизлигига бағи...

'Андижонда озиқ-овқат захираси: “Бунақаси биринчи марта бўляпти” – Ҳоким'ning rasmi

20 октябрь куни Андижон вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган Халқ депутатлари кенгашида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг мурожаатномаси тингланди.Унда ҳоким вилоятдаги озиқ-овқат захираси, нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича ўз таклиф ва режалари билан ўртоқлашди. Кенгашда иштирок этган “Даракачи” газетаси мухбири қуйида Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ҳисоботидан иқтибослар келтиради. 

“ТАДБИРКОРНИ МАЖБУРЛАБ, ЗАРАРИНГГА ИШЛА ДЕМАЯПМИЗ”

Шуҳрат АБДУРАҲМОНОВ, Андижон вилояти ҳокими:

— Биз бирорта ҳам тадбиркорни мажбурлаб, зарарингга ишла демаяпмиз. Масалан, 1300 сўмга тухум сотиб олиб, 900 сўмдан сот дея мажбурламаяпмиз. Ҳисоб-китобларда аниқланишича, битта тухумнинг таннархи 750 сўмдан 805 сўмгача тушаркан. Аммо баъзи жойларда 1300 сўмдан сотилди. Биз тадбиркорга шунча имконият яратиб бермоқдамиз, нима учун у маҳсулотини асоссиз равишда қиммат сотиши керак?Андижонда 232 та озиқ-овқат дўкони бор. Тадбиркорга тазйиқ ўтказиш ниятимиз йўқ, аммо улар қиммат нархга тухум ва бошқа маҳсулотларни қаердан олганини суриштиряпмиз. Солиқ бошқармаси орқали барча дўконлар билан иш олиб бордик ва керакли озиқ-овқат маҳсулотларини биринчи қўлдан, етиштириб берувчидан олишни мувофиқлаштирдик. Энди нархлар назорат остида бўлади. Халқимизни биринчи даражали озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб қўйишимиз керак.

“БУНАҚАСИ БИРИНЧИ МАРТА БЎЛЯПТИ”

Жорий йилда озиқ-овқат захираси учун алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, вилоят бюджетидан 10 миллиард сўм ажратилди. Бунақаси биринчи марта бўляпти. Шу вақтга қадар бирор марта бюджетдан захирага пул ажратилмаган. Захира ташкил этиш вақти келганда тадбиркорга кредит ажратилар эди ва улар озиқ-овқатни ғамлаб қўйишарди. Президентимиз топшириғи билан бу йил алоҳида эътибор қаратилмоқда.Вилоят аҳолисининг талабини қондириш учун 3 минг тонна картошка жамғариб қўйилади.

“МЕНГА БУНДАН ФОЙДА КЕРАК ЭМАС”

— Ҳозирда ҳокимлик томонидан Қирғизистондан 3250 сўмдан картошка олиб келиняпти. Захирани сақлаш учун махсус совуткичли омборлар шай ҳолатга келтирилган. Омборларнинг электр энергияси ва хизмат ҳақи учун ҳаражат картошка нархи устига қўйилади. Қачон бозорда картошка нархи яна 200 сўм қимматлайдиган бўлса, 3450 сўмдан бозорга олиб чиқиб берамиз. Менга бундан фойда керак эмас. Менга халқимизни рози қилиш муҳим. Юртбошимиз ҳам айнан шу талабни қўйганлар. Бу янги тизим бўляпти. Бунақаси илгари бўлмаган. 7-10 кун ичида заҳираларимизни тўлиқ таъминлаймиз. Маҳсулот сақлаш учун омборларимиз бор. Муаммо бўлиши мумкин эмас. 

ХОРИЖДАН КАРТОШКА ОЛИБ КЕЛИШ УЧУН 3,5 МИЛЛИАРД СУБСИДИЯ БЕРИЛМОҚДА

— Ҳар йили бюджет ташкилотларига захира қил деб, ўзларига ташлаб қўярдик. Улар буни қандай қиляпти, ҳеч қачон охиригача суриштирган эмасмиз. Бу йил марказлашган ҳолда назорат қилямиз. Келгуси 6 ойда бюджет ташкилотларининг картошкага бўлган талаби 1,5 минг тонна экан. Буни ҳам аллақачон олиб келиб, уларга тушириб бердик. Хориждан картошка олиб келадиган тадбиркорларга 3,5 миллиард сўм субсидия берилмоқда. Бундан кўзланган мақсад картошка нархининг ошиб кетмаслигини таъминлаш. Импорт қилинган картошкани омборларга жойлаб, калитини олиб қўямиз. 

ПИЁЗ ВИЛОЯТДА КЕРАГИДАН 10 БАРАВАР ОРТИҚ

— Пиёз масаласига келсак, келгуси 6 ойда киши бошига йиллик 6,7 кг.ни ташкил этиб, 12 500 минг тонна пиёз талаб этилади.Бугунги кунга келиб 165 минг тонна ҳосил олинган. Аслида режага кўра 171 минг тонна пиёз олиниши керак эди. Ички имкониятлар эвазига вилоятни бемалол таъминлай оламиз ва эҳтиёжимиздан ортиқча 100 минг тонна пиёзни бошқа ҳудудларга етказиб беришимиз ҳам мумкин.

АНДИЖОНЛИК ФЕРМЕРЛАР ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ЧОРВАЧИЛИК БИЛАН ШУҒУЛЛАНМОҚДА

— Истеъмолдаги энг қийин йўналишларимиздан бири – бу қорамол ва қўй гўшти. Тан олиш керак, Андижонда бу борада етишмовчилик мавжуд. Афсуски биз ички имкониятлар эвазига аҳолимизни гўшт билан таъминлай олмаймиз ва четдан олиб келишга мажбурмиз. Чунки еримиз кам ва чорвага етарлича йўналтира олмаймиз. Президентимизга раҳмат, эҳтиёжни қоплаш учун Қорақалпоғистонда чорвачиликни йўлга қўйишга имконият яратиб берди. Ҳозирги кунда 36 нафар фермеримиз Қорақалпоғистондан ер олиб, чорвачилик фаолиятини юритмоқда. Улар етиштирадиган гўшт маҳсулотлари эса Андижонга келтирилади.Жорий йилда 95 минг тонна гўшт етиштириш режалаштирилган эди, аммо фақат 76 фоиз бажардик. Энди бу масалани қандай ҳал қиламиз? Фақат янги лойиҳалар билан натижага эришиш мумкин. Шу йилнинг ўзида Андижонда бир қатор янги чорвачилик лойиҳалари йўлга қўйилиши кутиляпти. Натижада яна 1000 тонна гўшт етиштириш имкони пайдо бўлади. Хусусан, 2 миллиард сўмга Қирғизистондан чорва олиб келиняпти.Бироз вақт олдин гўшт тақчиллигини йўқотиш учун четдан кириб келадиган парранда гўштига ҚҚСни олиб ташлаш таклиф этилган эди. Биз бунга мутлақо қаршимиз. Чунки импорт парранда гўштига ҚҚС бекор қилинса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар синади. Бунга йўл қўймаслигимиз лозим.

“БИРОР МУАММО БЎЛСА, БИЗ ЖАВОБ БЕРИШГА ТАЙЁРМИЗ”

— Бугунги кунда Андижондаги бозорларда бир килограмм гўшт 46 минг сўмдан 50 минг сўмгача сотилмоқда ва нархни ушлаб туриш учун етарлича захира бор. Агар бирор муаммо бўлса, ҳокимликка мурожаат қилишингиз мумкин, биз жавоб беришга тайёрмиз.Гўшт етиштириш учун 358 нафар фермерга ҳамма шароитни яратиб берганмиз. Шундай экан, бирор муаммо бўлиши мумкин эмас. Албатта бу масалада етишмовчилик бор, аммо уни ҳал қилиш учун имкониятлар ҳам етарли.

ҚОЛГАН МАҲСУЛОТЛАРЧИ?

— Вилоятда балиқ захирасини яратиш борасида тегишлича иш олиб борилган. Натижада ҳозирда бир килограмм сазан балиғини 20 минг сўмдан сотишмоқда. Марҳамат, эртагаёқ Андижон шаҳридаги исталган бозордан шу нархда сотиб олишингиз мумкин.Вилоятда шундай тадбиркорлар борки, бир ўзи 7 минг тонна парранда гўшти етиштиради. Ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра бир килограмм парранда гўштининг таннархи 14 500 сўмдан то 15 500 сўмгача етиши аниқланди. Шундан келиб чиқиб бозорда сотилишини 16 000 сўм этиб тайинладик. Андижоннинг бир кунлик эҳтиёжи 18 тоннадан иборат. Ҳозирда 300 тонна захирамиз бор. Ҳамма туманимиз озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган. Бўстон тумани сабзиси бутун дунёга машҳур. Керагидан ортиқча сабзимиз бор. Сабзи бир мартта қиров емасдан қазиб олиб бўлмагани учун 7 ноябрдан бошлаб қазиб оламиз. Бундан ташқари, Қўрғонтепада картошка, Марҳаматда кунгабоқар, Балиқчида помидор етиштрилади. Картошкага келадиган бўлсак, бир киши учун йиллик меъёр 56 кг.ни ташкил этади. 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ

    Бошқа янгиликлар