Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилишига ҳозиргача 60,3 млрд сомони маблағ йўналтирилди. Тўғон баландлиги эса 1155 метрлик белгидан ошди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 21 август куни станция қурувчилари билан учрашувда маълум қилди.
Раҳмон тўғон баландлигининг 1155 метрга етказилишини мамлакат давлат мустақиллигининг 35 йиллигига "муносиб совға" деб атади.
Тожикистон Президентининг айтишича, 2027 йилда тўғон баландлигини 1185 метрга, сув омборидаги сув сатҳини эса камида 1165 метрга етказиш режалаштирилган. Ушбу кўрсаткичлар мамлакатнинг тўлиқ энергетик мустақиллигини таъминлаш учун муҳим ҳисобланади.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида қурилиш-монтаж ишларига барча манбалар ҳисобидан 8,4 млрд сомони сарфланган.
Айни пайтда Роғун ГЭСи қурилишида қарийб 20 минг нафар ишчи ва муҳандис-техник ходим меҳнат қилмоқда. Объектда 4 мингга яқин техника ва механизм жалб этилган.






