АсосийЖАМИЯТ

Германияда аномал иссиқлик 14 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди

Германия Федерал атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат котиби Йохен Фласбарт эса 2027 йил ёзига қадар экстремал иссиқликка қарши курашиш бўйича миллий режа ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган.

'Германияда аномал иссиқлик 14 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди'ning rasmi

Германияда жорий йилнинг 6 апрелидан 9 августига қадар даврда аномал юқори ҳарорат билан боғлиқ ўлимлар сони тахминан 14 мингтани ташкил этди. Бу ҳақда Роберт Кох институтининг 20 август куни эълон қилинган навбатдаги ҳафталик ҳисоботида маълум қилинди.

Мутахассислар қайд этишича, ушбу рақам якуний эмас ва иссиқлик оқибатида вафот этганлар сони амалда бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 17 та ўлим ҳолати тўғри келган. Бу сўнгги 10 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Таққослаш учун, 2018 йилда Германияда юқори ҳарорат билан боғлиқ 8 минг 900 га яқин ўлим қайд этилган.

Аномал иссиқликдан энг кўп 85 ёшдан ошганлар жабр кўрган. Бу ёш гуруҳида 7 минг 40 киши вафот этган. 75–84 ёшдагилар орасида 3 минг 450 та, 65–74 ёшдагилар орасида эса 2 минг 170 та ўлим ҳолати қайд этилган.

65 ёшга тўлмаганлар орасида иссиқлик билан боғлиқ 1 минг 320 та ўлим ҳолати аниқланган.

Қайд этилишича, аёллар орасида иссиқлик билан боғлиқ ўлим кўрсаткичи эркакларга нисбатан юқорироқ. Бу, асосан, кекса аҳоли таркибида аёллар улушининг кўплиги билан изоҳланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқлик кўп ҳолларда ўлимнинг бевосита сабаби сифатида қайд этилмайди. Масалан, ўлим гувоҳномасида ички аъзолар фаолиятининг тўхташи кўрсатилиши мумкин. Аслида эса юқори ҳарорат юрак-қон томир, ўпка ёки буйрак билан боғлиқ мавжуд касалликларни оғирлаштириб, инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Саар ва Рейнланд-Пфальц федерал ерларида қайд этилган. У ерда иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар ҳар 100 минг аҳолига мос равишда 46 ва 42 тани ташкил қилган.

Гессен ва Баден-Вюртембергда эса ушбу кўрсаткич 31 ва 28 нафарга тенг бўлган.

Шу билан бирга, Германияда экстремал иссиқлик оқибатларига қарши курашиш чораларини кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.

Мамлакатнинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах иссиқлик тўлқинлари вақтида аҳолига ахборот бериш тизимини кучайтириш, жумладан, иссиқлик бўйича махсус ахборот порталлари ва ишонч телефонларини йўлга қўйишни таклиф қилган.

Германия Федерал атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат котиби Йохен Фласбарт эса 2027 йил ёзига қадар экстремал иссиқликка қарши курашиш бўйича миллий режа ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган.

Германия шаҳарлари уюшмаси раҳбари, Лейпциг шаҳри обербургомистри Буркхард Юнг эса иссиқлик ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш чораларини молиялаштиришни мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаб қўйишга чақирган.

Германия шифохоналар жамияти ҳам тиббиёт муассасаларида совитиш тизимларини модернизация қилиш зарурлигини таъкидлаган. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирда Германия клиникаларидаги палаталарнинг фақат кичик қисми кондиционерлар билан жиҳозланган.

    Бошқа янгиликлар

    Германияда аномал иссиқлик 14 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди - Darakchi.uz