Ўзбекистонда 10-синф ўқувчиларининг умумий ўрта таълим мактабидан техникумга ўқишини кўчириш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, шунингдек, 10-синф ўқувчиларини техникумларга ўқишини кўчириш бўйича ягона тартиб жорий этилади.
Бунинг учун аризаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда топшириш мумкин.
Шунингдек, ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш бўйича хулоса беришнинг ягона тартиби белгиланади. Хизмат кўрсатиш жараёни рақамлаштирилиб, зарур маълумотларни давлат органларидан электрон шаклда олиш имконияти яратилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу хизматларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш имконияти икки ой муддатда йўлга қўйилиши белгиланган.






