Эсимни танибманки, телевизор қаршисида туриб, сухандонларнинг гапиришига тақлид қилардим. Уларнинг сўзлашидан тортиб, кийиниш, юриш-туришигача ўхшагим келарди. Ўз ишининг устаси бўлган сухандонлар сабаб бу соҳага нафақат мен, балки кўпчилик ҳавас қилиши табиий. Боиси мазкур касбда профессионалларгина фаолият юритади. Улардан бири Олий тоифали диктор, Ўзбекистон халқ артисти Абдумўмин ЎТБОСАРОВ эди. Интервьюларидан бирида “Профессионалликнинг асосий омили бу – масъулият!”, деганди. Бу ижодкорнинг сўзи ва амали доим бир нуқтада кесишган. Тилга ҳурмат, берилган матн “динамика”си, “темпоритм”ини ушлаб туриш, матнга нисбатан муносабат, деган жараёнларга масъулият билан ёндашарди. Шу боис ҳам Абдумўмин Ўтбосаров телевизорда чиқса, ўзига маҳлиё қилмай қўймасди. 2015 йилнинг 31 декабрида соат миллари Янги йил кириб келганидан дарак бериб бонг уришидан бир неча дақиқа аввал, Президентимизнинг байрам табригини ўқиб, телетомошабинларни телевизор қаршисига “михлаганди”. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай интернет тармоқларида нохуш хабар тарқалди. Абдумўмин Ўтбосаров юрак хуружи сабаб оламдан ўтибди... Ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Шунчаки, миш-миш бўлиб чиқишини истаганимиз афсуски ҳақиқат бўлиб чиқди...
“Тасодифнинг бахтли якуни”
Абдумўмин Ўтбосаров 1960 йилнинг 24 апрелида зиёли оилада дунёга келган. Отаси ўқитувчи, онаси ҳамшира эди. Улар оилада икки ўғил ва икки қиз эди, Абдумўмин Ўтбосаров иккинчи фарзанд. Болалиги ҳавас қиларли даражада ўтган, деб бўлмайди. Чунки отадан эрта ажраб қолишган. Онасига кўмак бериш мақсадида турли юмушларни бажаришига ҳам тўғри келган. Қисқаси, тақдирнинг турли кўчаларида тобланган, қийинчилик “нон”ини еб катта бўлган. Ҳаёт йўлимизда учрайдиган тўсиқлар енгилмаслик, ёруғ кунларга ишонч каби туйғуларни шакллантириб, пойдеворимизни мустаҳкамлайди ва келажакда ўз ўрнимизни топа оладиган инсон бўлиб етишишимизга сабаб бўлади. Абдумўмин Ўтбосаровни ҳам олдинда қувончли кунлар кутаётгани шубҳасиз эди. Абдумўмин Ўтбосаровнинг журналистика, сухандонликка бўлган муҳаббатига сабаб отаси Абдумажид Ўтбосаров унинг 12 ёшга тўлиши муносабати билан совға қилган кинокамера эди. У фильмлар, расмлар олиб юриш асносида, телевидениенинг техник жиҳатларини профессионал даражада ўрганиб олди.
У мактабни битириб ҳарбий хизматга жўнайди. У ерда бўлажак сухандоннинг фотографиядан хабари борлигини билишгач, ўша вақтдаги газеталардан бирида фотомухбир бўлиб фаолият юритишга таклиф этишади. Ҳарбий хизматдан қайтгач эса ҳужжатларини ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистига факультетига топширган. Абдумўмин Ўтбосаров тенгқурлари орасида энг намунали, аъло баҳоларга ўқийдиган, қисқаси ҳамма ҳавас қиладиган йигит бўлган. Университетни тамомлаб Миллий телерадиокомпанияга режиссёр ёрдамчиси сифатида ишга киради.
Интервьюлардан бирида у шундай дейганди:
“Тўғриси, соҳага тасодифан кириб келдим. Режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрган кезларим актёрлар келиб, телестудияда жонли эфирда шеърлар ўқишарди. Ўша дастурларда иштирок этиб турардим, баъзида кимдир келмай қолса ўрнига чиққан пайтларим ҳам бўлган. Шу чиқишларимни устозимиз Ўктам Жобиров кўрган ва мени сухандонлар танловида иштирок этишга таклиф қилган. Танловдан ўтганимдан кейин амалиётчи сухандон сифатида ишга қабул қилинганман.
Ижодимда кутилмаган вазиятлар кўп бўлган. У пайтлар амалиётчи сухандонлар ахборот дастурларига қўйилмасди. “Ахборот”ни иккита сухандон олиб борарди. Бир куни эркак сухандоннинг тоби бўлмагани учун ишга келолмаган. Шунда одам йўқлигидан мени эфирга чиқаришган. Ўша куни мен навбатчи эдим-да. Бор-йўғи “Ассалому алайкум!” деганман ва кичик “информация”, об-ҳавони ўқигандим. Эртаси куни ҳеч қандай эътироз, танқидлар бўлмади ва шу-шу “Ахборот” дастурида чиқа бошладим. Устозларимиз хатоларимизни айтишса “ҳеч ким кўрмаган бўлсинда”, деган ўй бўларди.
Ҳеч қачон кимгадир қўнғироқ қилиб “мени кўринг!” демаганман. Уялардим, эфирни масъулияти ижодкорнинг зиммасига катта ишга нисбатан эътиборни юклайди”, деганди. Ҳақиқатда ишини жон-дили билан бажарадиган, касбидан ҳеч қачон зерикмаган, чунки, танлаган йўлига нисбатан муҳаббати бор инсон эди. Абдумўмин Ўтбосаров ва унинг тенгқур ҳамкасбларида ишига нисбатан жуда жиддий муносабатни кузатиш мумкин эди. Бу борада у шундай деган эди: “Устозларимиз Ўктам Жобиров, Галина Мельниковадан ишга нисбатан жиддий ва самимий муносабатни ўрганганмиз.
Қолаверса, биз иш бошлаган пайтимизда телевидениеда эфирлар жонли бўларди. “Ахборот” инфомацион дастури, сухандонларнинг эълонлари, кўрсатувлар тартиби... ҳаммаси жонли узатилар эди. Айнан шу жараён бизни янада масъулиятли бўлишимизни тақозо этарди. Ишга икки соат аввал келишимиз шарт бўлган. Агар кузатган бўлсангиз, бизнинг ёшимиздаги сухандонлар айтилган жойга кеч қолмайди. Хонамизда “Сухандон ишга икки соат олдин келиши керак”, деган мазмундаги эслатма деворга осиғлиқ турарди.
Баъзида журналистлардан “эй, сухандонлар тайёр матнни ўқиб беришади”, деган мазмундаги эътирозларни эшитиб қоламан. Йўқ, унинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Матн шунчаки ўқилса, у томошабинга етиб бормайди, тушунарли бўлмайди. Биз берилган матнни ижро этиб беришимиз керак. Бу сухандондан зийраклик, маҳорат ва энг муҳими матнинг мақсади таҳлилини ҳам талаб қилади. Бу осон иш эмас!”
“Маррага етиб келдим”, деган хулоса одамни кибрлантиради. Ўзимни ҳали ўрганувчи ҳисоблайман. Боиси, замоннинг талаблари ўзгариб бораяпти, компьютер-технологиялар асрида яшаяпмиз. Агар янги илмларни ўзлаштирмасак, касбимизнинг устаси бўлолмаймиз. Такрор ўқишдан эринмайман, матнни “суфлёр”га ўзим ёзишни яхши кўраман, боиси яна бир карра яқиндан танишиш имкони бор”, деганди.
Ҳа, Абдумўмин ака доим изланиш, ўрганишдан чарчамайдиган одам эди. У умрини ўзи севган касбга бахшида этди, 35 йил суҳандонлик соҳасида ишлади.
“Пойдевори севгидан бунёд бўлган оила”
Абдумўмин Ўтбосаров бир умрлик бахт йўлдошини талабалик йиллари учратган. Аниқроғи, бўлажак рафиқаси Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетида таҳсил оларди. Илм эгаллаш асносида икки ёшнинг дили дилига, тили тилига мос тушиб, дўстлашиб қолишади. Вақт ўтиб дўстлик ўз ўрнини севгига бўшатиб беради. Университетни тамомлагач эса пойдевори севгидан бўлган оила бунёд бўлади.
“Ўша кезларда ҳам йигитларни орасида юқори маданияти, юриш-туриши, оғир-босиқлиги, муомаласи, овозиннинг сеҳри билан мени ўзига ром қилганди. Шу каби бир қатор фазилатлари сабаб у кишини жуда ҳурмат қилардим”, дейди Абдумўмин Ўтбосаровнинг рафиқаси Гўзал опа.
Фарзандлар гарчи ота касбини давом эттирмаган бўлсалар-да, ўзи танлаган касби орқали Ватанга хизмат қиладиган йигитлар бўлиб вояга етишди. Абдумўмин Ўтбосаровнинг икки ўғли: 28 баҳорни қаршилаган Жамшид Тошкент Молия институтининг Банк иши факультетини тамомлаган, Нозим эса Тошкент ахборот технологиялари университетининг телевидение ва радио факультетини тамомлаб, МТРКга ишга кирган.
“Тонгда ишга кузатганимча, у кишини қайтиб кўрмадим...”
— Байрам куни ҳамма қатори, Абдумўмин Ўтбосаровнинг оила аъзолари ҳам Янги йилга ўзгача тараддуд кўришаётганди. Бироқ... 31 декабрь тонгида “Байрам дастурини ёзишимиз керак. Ишимни тугатиб қайтаман ва байрам дастурхони атрофида Янги йилни жумул-жам бўлиб кутамиз”, деб ишга кетгандилар, - дейди Гўзал опа кўзига ёш олиб. - . Соғлигидан доим хабардор эдим, сира юраги безовта қилганини айтмаган. Шундай бўлганида ҳам албатта, бу ҳақда билган ва дарҳол чорасини кўрган бўлардим. Чунки бирор муаммо юз берса, биринчи бўлиб менга айтар, мен билан маслаҳатлашардилар. Орамизда сир йўқ эди. Ўша куни тонгда ишга кузатганимча, у кишини қайтиб кўрмадим... Ўша куни телевидениедан қўнғироқ қилиб, “Абдумўмин акани тоби қочиб қолгани боис стационарга олиб кетишди. Лекин сиз хавотир олманг, аҳволи оғир эмас”, дейишди. Стационарга етиб борсам, у ер қабул қилмагани учун Тошкент тиббиёт академиясининг реанимация бўлимига ёткизишган экан. Ўша ерда жон бердиларми ё аввалроқми буни билолмадим...” дейди сухандоннинг рафиқаси.
“Унинг ўрнини босадиган сухандон йўқ”
Галина Мельникова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Абдумўминнинг ҳаётдан кўз юмиши мен учун шахсий фожиа. Чунки бари кўз ўнгимда содир бўлди (кўзига ёш олди)... 31 декабрь куни йўл-йўлакай машинасида мени уйдан олди, телевидениега бордик. Ёзув вақтида бирдан тоби қочиб, кўкрак қафасини ушлагач, юраги безовта қилганини тушундим. Тиббий бўлимимиз дарҳол биринчи ёрдамни кўрсатди, сўнг “тез ёрдам” уни шифохонага олиб кетди... Ҳам ижодкор, ҳам инсон сифатида беназир эди. Маданияти, илми, меҳрибон, оилапарвар ва масъулиятлилиги, барча билан бирдек дўстона муомалада бўлиши билан ҳаммадан ажралиб турарди. У ҳамиша пешқадам ижодкорлар сафида бўлган. Тадбир, байрам, мухлисларнинг яхши кунлари Абдумўминсиз ўтмасди. Дилором Умарова, Дилдора Рустамова билан ажойиб жуфтлик бўлишган. У телевидениенинг юзи эди, унинг ўрнини босадиган сухандон йўқ. Ҳали қиладиган ишлари кўп эди, бевақт оламдан ўтди. “Эркак киши ўзидан уй қуриб, боғ яратиб, фарзандлар қолдириши керак”, деган ибратли гап бор. Абдумўмин ҳам яқиндагина уй қуриб, кўчат ўтказиб, икки ўғлини олий маълумотли қилганди.
“Келин излаб юрганди...”
Насиба Мақсудова, Олий тоифали сухандон: — Абдумўмин маданиятли, ҳамиша ҳаммага бирдек муомала қиладиган, интилувчан, ҳаракатчан, ҳеч ким билан сен-менга бормаган ажойиб инсон эди. У қадди-басти келишган, овози ўзига хос, саҳнабоп суҳандон бўлган.
Ёдимда, дикторлар хонасида суҳбат қизғин бўларди, ҳаммамиз бир-биримиз ҳақида тўлиқ маълумотга эга эдик. Бироқ Абдумўмин ички дунёси, оиласи, ўзи, муаммолари хусусида сира гапирмасди. Ҳамкасблар орасида ягона сирдоши Муслимбек Йўлдошев эди. Жуда тартибли эди, дикторлар хонасида ҳам бирор нима бузилган бўлса, доим ёнида олиб юрадиган “отвёркаси” билан тузатиб қўярди. Ҳатто уйининг таъмирини ҳам Муслим иккиси қилган, устачиликдан хабардор эди-да.
Абдумўмин ўз ишининг устаси бўлиш баробарида оилапарвар ҳам. “Халқимизнинг яхши кунларида бирга бўламан, лекин ўзим қачон тўй қиларкинман? Ўзингизга ўхшаган қизлар борми?” деб келин излаб юрганди... Бирор марта соғлигидан шикоят қилмаган, Аллох берган умр экан. Кутилмаган бу хабардан, ҳали ўзимга келолганим йўқ. Ҳамкасблар худди бир оиладек бўлиб қолади, жигаримиздан айрилгандекмиз.
“Ҳар эркакнинг Абдумўминдек дўсти бўлсин”
Муслимбек Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими: — Абдумўмин дўстим, туғишганимдек бўлишидан ташқари, энг катта шогирдим ҳам эди. Жуда садоқатли, меҳнаткаш, ўта интизомли, сўзининг устидан чиқадиган, ҳалол, дидли йигит бўлган. У билан яхши-ёмон кунларда доим бирга бўлганмиз. Соҳамиз, қизиқишларимиз бир хил бўлгани боис бир-биримизни бир оғиз сўздан тушунардик. Гавжум давраларни ёқтирмасди, сокинликни хуш кўрарди. Шу боис тез-тез иккимиз дала ҳовлимизга дам олгани борардик. Лекин шунда ҳам мени қозон бошига қўйиб, ўзи қўлига иш қуролларини олиб ишга киришиб кетарди. Эркак киши бажарадиган барча ишни уддаларди, қўли гул эди. Ҳар бир эркак кишининг Абдумўминдек дўсти бўлса, ўзини бахтлилар сафига қўшиши шубҳасиз. Шундай дўстим борлигидан ғурурланардим. Кутилмаганда бу дунёни тарк этиши оғир фожиа бўлди...
“Бундан буён қандай ишлашимни тасаввур қилолмаяпман”
Дилдора Рустамова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими: — Абдумўмин ака мен учун шунчаки ҳамкасб эмас, балки устоз, саҳнадаги ўн саккиз йиллик партнёрим эди. 1997 йили телевидениега ишга кириб, декабрда илк концерт олиб борганимдан буён давлат ва халқаро тадбирлар, концертларда доим бирга эдик. “Дилдора, ҳеч ким узоқ муддат иккимиздек жуфтлик бўлиб ишламаган. Биз рекорд ўрнатдик”, дерди. У киши туғишган акамдек суянчиқ бўлиб, энг азиз инсонларимдан бири бўлиб қолганди. Қалби, фикрлари пок, ниҳоятда билимдон, маданиятли, ҳаммага яхшилик қилишни яхши кўрарди. Ҳатто кимдир кўнглини оғритса ҳам ўша одамга яхшилик қўлини чўзишдан тўхтамаган. Бу воқеаларга кўп бор шоҳид бўлганман. Бундан буён қандай ишлашимни тасаввур ҳам қилолмаяпман (кўзига ёш олди). Ҳаммамизни доғда қолдириб кетди...
Абдумўмин Ўтбосаров исми тилга олинганда бирор киши йўқки “юқори маданиятга эга, илмли, оғир-вазмин, ўз ишининг устаси, ажойиб қалам соҳиби, самимий инсон”, деган эътирофни айтмаса. Энг муҳими ҳам шу, яъни, ўтганнинг ортидан юқоридаги таърифларни жам қилиб, “Яхши инсон эди!” деган сўнгги баҳо! Бу умр йўлига берилган энг юксак эътироф! Абдумўмин Ўтбосаров устозларига муносиб издош бўла олган, бетакрор сухандон, оилапарвар инсон, меҳрибон ота, ҳар бир киши қалбидан чуқур жой эгаллаган инсон. Ушбу қайғули дамларда марҳумнинг оила аъзолари, яқинларига таҳририятимиз ва мухлислар номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Биласизми?
- Абдумўмин Ўтбосаров Абдумажидович 1980 йилда телевидениеда режиссёр ёрдамчиси сифатида иш бошлаган.
- 1985 йилдан бошлаб сухандонлик қила бошлади.
- 2002 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.
- 2014 йили Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган.
- Москвада “Останкино”нинг “Янгиликлар” дастурида фаолият олиб борган.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади