Аввал хабар берганимиздек, Халқаро пресс-клубда «Конституция ва қонунчиликда сўз ҳамда матбуот эркинлиги. Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтмоқда. Унда Содиқ Сафоев, Абдулазиз Комилов, Акмал Саидов, Руслан Давлетов, Асаджон Ходжаев, шунингдек, БМТ ва ЕХҲТ вакиллари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев қуйидаги фикрларни айтиб ўтди:
«Одамлар интернет орқали ўз фикрларини эркин билдирмоқда. Албатта, танқидий фикрлар ҳам бор.
Бу танқидий фикрларни эса давлат органлари эшитиши керак. Ўз фаолиятини танқидлар орқали таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим, мулоқотга ўрганиши керак.
Шу орқали давлат органлари янги реалликда, янги Ўзбекистонда фаолиятини амалга оширяпти. Давлатимиз раҳбари ҳам таъкидлади — матбуот кимгадир аччиқ гапирса, ёқиши ёки ёқмаслиги ҳам мумкин. Бироқ биз бу йўлдан қайтмаймиз.
Барча давлат идораларида ахборот хизматининг ташкил этилиши катта ислоҳот деб биламан. Бу орқали ташкилотлар очиқлиги таъминланиши учун керак. Бугун мингдан зиёд ахборот хизматлари ишлаяпти, бироқ уларнинг фаолияти қай даражада? Бу йўналишни тегишли равишда баҳолаб боришимиз керак. Уларнинг малакасини ошириш ишларини босқичма-босқич амалга ошириб келяпмиз.
Пандемия шароити кўрсатдики, қабул қилинаётган ҳужжатлар аҳолига етказилишига катта эҳтиёж бор. Бу жараён рисоладагидек бўлмаса, текширилмаган ва нохолис ахборотларнинг айланишига олиб келади. Бунда журналистлар эмас, давлат ташкилотларининг очиқ эмаслиги, мулоқотнинг йўқлиги сабабчи. Улар мулоқотга тайёр бўлса, ортиқча миш-мишлар тарқалишига ўрин қолмайди.
Пандемия шароитида АОКА платформасида доимий равишда брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказдик. Бу, албатта, осон бўлмади, бу жараёнда нодавлат телеканаллар, интернет сайтлари ва блогерлар ҳам фаол қатнашди.
Биз ноябрь ойидан бошлаб, 100дан ортиқ брифинг ҳамда матбуот анжуманлари учун қўшимча платформалар ташкил этдик, айниқса, ҳудудларда ўтказиладиган тадбирлар режасини белгилаб олдик. Бу вилоятларда ахборот олиш эркинлигини таъминлашдаги муаммоларни маълум қадар ечишга ёрдам беради, деб ҳисоблаймиз.
Яна бир муҳим қадамлардан бири — Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида «Диалог майдончаси» фаолияти йўлга қўйилаётганидир. Бу лойиҳа, ўз навбатида, ОАВ вакиллари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир».






