Аввалроқ, Қаршида 62,5 метрлик давлат байроғи ўрнатилмоқда. Унинг биргина устунига 1,35 миллиард сўм сарфланиши ҳақида хабар берган эдик. Эндиликда муҳокамаларга сабаб бўлаётган байроқ ўрнатилишига вилоят ҳокими Зойир Мирзаев муносабат билдирди.
Аввало, ушбу масалани кенг жамоатчилик эътиборига олиб чиққан ОАВларга раҳмат. Ҳар биримизни Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз чексиз. Рамзлари ҳам қадрли. Лекин, бунинг учун халқдан, тадбиркорлардан келаётган маблағ эвазига бу қийматдаги қурилишни бугунги вазиятда сарфлаш бефойдадек, чоғи. Бу фикрни ижтимоий тармоқларда кўпчилик юртдошларимиз ҳам билдириб ўтишибди.
Ўзим ҳам даволанишда бўлганим сабабли, шифохонада ушбу хабарни ўқиб қолдим. Муҳтарам Юртбошимизнинг талаб ва мақсадлари халқни рози қилиш, халқнинг яшаш шароитларини яхшилашдан иборат бўлиб турган бир пайтда, бу каби қурилиш ишларига ўзим ҳам қаршиман.
Ўзим ҳам ҳар куни аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида туман ва шаҳарларда бўламан. Яқинда Қарши шаҳридаги 136-сонли оилавий ётоқхонага бориб уйсиз фуқароларимизни мажбурликдан харобага айланган бинода қўним топгани мени қийнади. Мен билан ҳамроҳ бўлиб борган раҳбарларни ҳам озроқ бўлсада виждони қийналган бўлса керак. Айримлари ҳаёт синовларини енгиб ўта олмаган бўлса ҳам, уларнинг шириндан-шакар фарзандларида нима гуноҳ? Улар ҳам бахтли яшашга ҳақли.
Хабарингиз бор, яқинда қарийб ярим миллиард сўм ажратдик ва 17 нафар фуқаронинг мукаммал операцияларини амалга оширмоқдамиз. (https://t.me/qashvilhokimligi/13762) Ушбу саховат тадбирининг ортидан 17 та хонадонга, уларнинг яқинларига бахт, саломатлик ва хотиржамлик улашдик.
Энг катта кечиримлиликни, меҳрни Давлат раҳбаримизнинг “Меҳр” операциялари кўрсатиб берди. Аёллар ва юзлаб бегуноҳ болалар юртимизга қайтарилган бир пайтда, ёнимиздаги ётоқхона хароба аҳволда бўлса-ю, биз "устун қурамиз", деб халқнинг жиғига тегиб ўтирсак.
Ушбу хароба ётоқхонани таъмирлаш учун 2.5-3 млрд. атрофидаги маблағни манбасини қайердан топишни билмай тургандим. Устун учун сарфланаётган 1.350 млрд. сўмни ушбу ётоқхона таъмирига йўналтирамиз. Қолган сўммани ҳам манбасини топиб, ушбу ётоқхонани катта тантана билан топширамиз. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига устун эмас, фуқароларимиз учун шинам хонадонлар туҳфа қиламиз. Хўш, нима дейсизлар?
Устун масаласига келсак, бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилади. Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди.
Шу ўринда, бу каби маблағларнинг сессияларда тасдиқланишида маҳаллий кенгаш депутатларини, жамоат фаоллари иштирокидаги “халқпарвар комиссия”ларини ҳам фаолликка чақираман. Давлатнинг бир сўми ҳам мақсадсиз ёки самарасиз кетмаслиги керак.