Хонанда Лола ўзининг Instagram ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида куни кеча “shok.uz” сайти учун берган видео интервьюси ҳақида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирди:
“Мазкур интервью давомида бир неча бор туриб, кетиб қолгим келди. Бироқ, имкон қадар хушмуомала бўлишга ҳаракат қилдим. Бошловчи саволлар мухлислардан эканлигини айтди, аммо шундай бўлса-да, мухлисларимни менинг ижодим кўпроқ қизиқтиришига ишонгим келди. Хайрли тонг!”.
Хонанданинг интервью борасида нима сабабдан бундай фикр билдирганини билиш мақсадида видео интервьюни томоша қилдик. Интервьюнинг илк саволи Лола ва Шаҳзода ўртасидаги жанжаллар тўғрисида бўлди. Ҳали бошлашга улгурмаган сухбат Лоланинг ғашига тега бошлаганини унинг юз ифодасидан пайқаш қийин эмас. Авваллари ҳам журналистлар томонидан хонандага кўп бор берилган саволга у худди аввалгидек уларнинг ўртасида ҳеч қандай жанжал бўлмагани, улар бир-бирига ҳатто овозини кўтариб гапирмаганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Лола “Tarona Records” продюсерлик маркази билан келишмай қолгани ва оқибатда концерт ўтказиш учун бошқа продюсерлик марказидан ёрдам сўрагани ҳақидаги гап-сўзларнинг ёлғон эканлигини ҳам айтиб ўтди.
Ижтимоий тармоқларга жойлаётган суратларига тўхталар экан хонанда суратларида миллий менталитетга зид бўлган ҳеч қандай жиҳатларни кўрмаслиги, бу ҳар бир инсоннинг мазкур суратларга қандай кўз билан қарашига боғлиқ тушунча эканлигини ва охир-оқибат бу унинг ҳаёти эканлиги ва у шахсий қарор қабул қилиш учун ҳеч кимдан рухсат сўрашга мажбур эмаслигини маълум қилди.
Бошловчининг “Лицензиянгизни қайтариб олиш учун ‘Ўзбекнаво’дан кечирим сўраганингиз ростми?” деган саволига эса Лола қуйидаги жавобни берган:
“Ҳа, бу рост. Мен нафақат “Ўзбекнаво”дан балки, менинг фотосуратларим, ҳаракатларим, кийимларим, қўшиқларимда тилга олинаётган мавзулар кимгадир ноқулайлик туғдираётган ёки яшашига ҳалақит бераётган, тунлари тинч ухлашига имкон бермаётган бўлса, уларнинг барчасидан узр сўрашим мумкин”.
Интервью давомида журналист Лоладан ҳамкасби Райҳоннинг концерт дастурига нега таклиф этилмагани сабабларини сўради. Шунингдек, вақти-соати келиб албатта севган инсони билан турмуш қуриши, тўй фақат яқин инсонлар иштирокида, бегоналар, хусусан журналистлар иштирокисиз бўлиб ўтишини маълум қилди.
Берилган барча саволлардан сўнг бошловчи Лоладан жонли ижрода қўшиқ куйлаб беришини сўради, бироқ бу сўров хонанда томонидан рад этилди:
“Қўшиқ куйлаш учун айни пайтда хоҳиш ва кайфият йўқ. Инсон ўзини мажбурлаб, куйлолмайди. Бунинг учун юрак куйлаши керак”.
Интервью сўнггида хонанда барча мухлисларига бахт тилаб, барчага ўз севимли иши билан шуғулланишини ва бундан мислсиз роҳат олиш бахтини ҳис этишни, бошқаларнинг ҳаётига аралашмаслик, унинг ўрнига ўз шахсий ҳаётига кўпроқ вақт ажратишини тилади.