АсосийShou-biznes

Шаҳзода 8 мартга турмуш ўртоғи ва ўғилларидан қандай совға олади?

Баҳор келганини нафақат табиатнинг янгиланиши, балки аёлларимизнинг очилиб-сочилиб юришидан ҳам билса бўлади. Бунга сабаб бўлган яна бир омил:  8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами! Мазкур санани ҳамма турлича кутиб олади. Хўш, оилада ягона аёл бўлган хонанда ШАҲЗОДА бу санани қандай қарши олар экан?..

8 МАРТ МЕН УЧУН...

Шаҳзода, хонанда: — Очиғи, аёллар байрамида қандайдир ўзига хос, кутилмаган сюрпризларни кутмайман. Чунки мен учун 8 март – оналар байрами, бу тушунча менга ёшлигимдан мерос. Тўғри, ўзим ҳам онаман, лекин барибир 8 март – онамни табриклайдиган кун холос.

Байрам соат 00.00га бонг урганидан бошланади...

— 8 март санасида биринчилардан бўлиб турмуш ўртоғим табриклайди. Аниқроғи соат 00.00га бонг уриб, 8 март кириб келганидан дарак берганида бир қучоқ қизил атиргуллар билан кайфиятимни кўтаради. Ҳатто туғилган куним ҳам худди шу тарзда ўтади (самимий кулади). Бу жуда ёқимли жараён. Ва кечга томон байрамни оиламиз “йигит”лари билан ҳар йили бир хил тарзда тўкин дастурхон атрофида нишонлаймиз.

Ўғлимнинг ўзи мен учун катта СОВҒА!

— Ўғлим Солих жуда эътиборли, бирорта байрамни назаридан четда қолдирмайди. Беш ёшлигидан бувиси ва менга ўз қўли билан турли совғалар тайёрларди. Кичкинтойим Холидга келсак, унинг ўзи мен учун катта СОВҒА (мириқиб кулади)! Сира ёдимдан чиқмайди, Солих 11 ёшида худди катталардек мен учун атай совға харид қилган. Аввалига “Пулни қаердан олди экан? Ё бувисидан ёрдам сўраганмикан?” деган саволлар пайдо бўлган. Кейин билсам, биз мактаби учун деб берган пулларни йиғиб, совға учун ишлатган экан Ўшанда мени ҳайратлантирган Солихнинг уддабуронлигини ҳозир кулиб эслайман. 

Бениҳоя ёқимли табрик...

— Турмуш ўртоғим гул совға қилишни жуда яхши кўради. Энг қизиғи, қандай байрам бўлишидан қатъий назар доим бир хил: бир қучоқ қизил атиргулларни қабул қилиб оламан. Олдинлари “Нега ҳамиша гул совға қилади?” деб ўйлардим ва бунинг жавобини топдим. Турмуш ўртоғим бир сўзли, ҳаётий қоидаларини ўзгартирмайдиган инсон. Бу унинг хатти-ҳаракатида ҳам сезилиб турар экан. Шу сабаб байрамларда мени қандай совға кутишини аввалдан биламан (кулади). Лекин сира бу каби совғалар кутган эмасман. Бироқ турмуш ўртоғимнинг эътибори, табриги мен учун муҳим ва бениҳоя ёқимли! 

Биринчи бўлиб табриклайман...

— Аёллар байрами куни энг аввало онамни, сўнг уйимизда ишлаб, менга яқиндан ёрдам берадиган ходималаримизни албатта табриклайман. Анча йиллар олдин раҳматли бувимнинг ҳам кўнглини олардим. Махсус кунларда яқинларимни муборакбод этиш сира ёдимдан чиқмайди.     

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.

    Бошқа янгиликлар