Саҳифамиз эксперти адабиётшунос Шуҳрат РИЗАЕВ 20-февралда тақдимоти бўлиб ўтган галдаги “Салом, севги!” фильми юзасидан фикр билдириб, ижодкорларнинг ютуқ-камчиликларига тўхталди...
Шуҳрат РИЗАЕВ, адабиётшунос:
— Охирги пайтларда Алишер Навоий номидаги киносаройда анча-мунча севги билан боғлиқ хусусий студиялар томонидан ишланган фильмлар кўпайди. Кўчага илинган банерларнинг ярмига яқинида “севги” сўзи иштирок этган фильмлар. Энг сўнггиси “Салом, севги!” кинокартинаси бўлди. Афишадан сўз бошлаганим бежиз эмас, боиси унга жиддий ёндошилмагани сезилиб турибди. “Салом, севги!” – бу ундалма, мурожаат, ҳис-туйғу иштирок этадиган ибора. Демак, “салом” сўзидан кейин вергул, “севги”дан кейин ундов белгиси қўйилиши керак. Афишадаги “Салом севги” ёзувини кўриб, фильмни анча тажрибасиз ёш ижодкорлар ишлаганини пайқадим. Кинозалга кирганимда аввалги “Мен ёлғончиман” фильмидан фарқли ўлароқ, 450 кишилик зални ярми томошабин билан тўла эди. Намойишдан сўнг режиссёр Улуғбек Абзалов билан суҳбатлашиб, фильм суратга олишга иштиёқи юқори эканини пайқадим. Мана шу ниятларини билим, санъат ва кино ҳақидаги тушунчалар билан бойитиши кераклиги ҳам яққол сезилди. Фильмни кўргач, туғилган илк фикр: ҳаёт ва хаёл ҳақидаги тушунчалар бўлди. Ҳаёт – ўзининг мустаҳкам қонуниятлари билан боғлиқ бўлган ҳодиса. Унинг қонуниятлари сира бузилмайди, уларга бўйсунмаслик мумкин эмас. Хаёл – инсоннинг тафаккури, тушунчалари маҳсули, абстракт ҳолат. Уни истаганча узайтириш, қисқартириш мумкин. Кинога иштиёқманд аксарият ёш ижодкорлар ҳаёт билан хаёлнинг нисбатларини фарқига бормай, хаёлнинг қурбонига айланиб қолишаётгани мени анча ташвишга соляпти. Улар фильмларида ўз хаёлларига мувофиқ ҳаётни кўрсатишяпти. Ҳаёт ўзининг шафқатсиз қонуният ва ҳақиқатлари билан кўрсатилган тақдирдагина санъат воситасида томшабин қалби, тафаккурида ўзгаришлар ясаши, жиддий таассурот қолдириши мумкин. Аксинча бўлса, тор дунёқараш, фикрлаш, саёз билимларга мувофиқ сюжетлар тўқилаверади. “Салом, севги!” фильмида шундай ҳолатни кўрдим. Режиссёр ва сценарий муаллифи ўз хаёлларининг мафтунига айланиб, уни ҳақиқат сифатида талқин қилишга уринишган. Ушбу ҳолат вақт ўтиши билан тузаладиган ёшликнинг хусусияти. Хаёл ҳаёт ҳақидаги билимлар, маънавий мерос билан мустаҳкамлансагина вақти келиб, ўз натижасини беради. Фильмни кўргач, шу каби ёш ижодкорларнинг куч-ғайрати, интилиши, орзуларини тўғри ўзанга солиш ва бундан самарали фойдаланишнинг уддасидан чиқиш кераклиги ҳақида ўйлаб қолдим. Уларга катта экран “йўл”ини бўшатиб бермасдан, ижодий муҳитда тоблаш зарур. Шундагина уларни кино соҳасига олиб кириш мумкин бўлади. Унга қадар эса бир неча ўнлаб фильмларда режиссёр ёрдамчиси, иккинчи режиссёр бўлиб ишлашлари лозим. Кино бежиз синтетик санъат тури ҳисобланмайди. Суратга олишда ниҳоятга кўп жараёнлар бор ва унда иштирок этадиган ўнлаб ижодкорларнинг ишларини фильм ишлаётган режиссёр билиши шарт. Станиславский “Театр – кийим илгичдан бошланади”, деганидек, кино – зарур бўлган ҳамма йўналишларни билгувчи режиссёрнинг муайян лойиҳасидан бошланади. Фильм суратга олиш жуда пухта тайёргарликни талаб этади.
ТИТАНИКДАН ОЛИНГАН ЛАВҲА...
“Салом, севги!”да “Титаник”даги Жек ва Роузнинг кема учига чиқиб, қўлларини қушдек кенг қулоч ёзиб турган романтик саҳнадан фойдаланилган. Лекин Улуғбек Абзалов бу саҳнага ўзича ёндошган. Аниқроғи, фильмда дардга йўғрилган хаёл кўрсатилмаган, воқеалар хаёлий уйдирмалар билан чекланган. “Титаник” воқеаси ҳам асли тўқима, у ердаги ягона ҳақиқат кема чўккани ва анча одамнинг ҳалок бўлгани. Лекин шундай воқеа ҳам бўлиши мумкин эди, деган ҳақиқатни бадиий ифода этиб беролган. Борди-ю, юрак дарди қўшилган хаёл маҳсули бўлса, албатта томошабин томонидан қабул қилинади ва хотирада узоқ сақланади.
АКТРИСАНИНГ ТАБИИЙ ИЖРОСИ МАНЗУР БЎЛДИ
Кўр қиз ролини ижро этган ёш актриса Ситора Алимжонованинг ўзини ёшидаги қизлар ҳолатини табиий ижро қилгани маъқул келди. Лекин Улуғбекнинг бош қаҳрамон ролини ўйнаши нотўғри иш бўлган. Чунки у ўз вазифасини аниқ тасаввур қилолмаган. Фильмни кўриб, ўнлаб деталларга оид: бош қаҳрамон йигитнинг ота-онаси ким, нега ёлғиз яшашади, уларга яшаш учун шароитни ким таъминлаб берган, йигит нима сабаб рассом бўлиб қолди каби қатор саволлар туғилади. Профессионал режиссёр ишлаганида ҳар бир қаҳрамоннинг ўз биографиясини очиб берган бўларди...
Улуғбек Абзалов, режиссёр: — Шуҳрат ака, ўз маслаҳатларингиз билан бўлишсангиз...
— Маслаҳатим жаҳон киносининг энг сара намуналари, француз романтизми, Голливуднинг “Оскар” мукофотига сазовор бўлаётган фильмлари, Хитой, Япония, Эроннинг ижод маҳсуллари, хуллас камида мингта кинокартиналарни кўринг ва албатта кўп китоб ўқинг.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.