1

ИИВ: “Наврўз” байрами олдидан хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилди”

ЖАМИЯТ 11.03.2016, 06:02
ИИВ: “Наврўз” байрами олдидан хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилди”

Президент Ислом Каримовнинг шу йил 19 февралдаги “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ушбу айёмни муносиб кутиб олиш учун ҳар томонлама пухта тараддуд кўрилмоқда. Хусусан, ички ишлар идоралари томонидан байрамни тинч-осойишта ўтказиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Наврўз байрамини пойтахтимизда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар ва туманларда, чекка қишлоқларда юқори даражада ўтказиш бўйича кенг кўламли ташкилий-амалий тадбирлар белгиланган. Бу жараёнда хавфсизликни таъминлаш учун тегишли идора ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Байрам шодиёналари ўтадиган масканларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилган. 

Бу ҳақда ЎзА мухбирига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Турсунпўлат Тошпўлатов маълумот берди.

Байрам тадбирлари хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, объектларда ўтказилади. Ана шу масканлар ички ишлар идораларининг тегишли хизматлари ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиши билан бирга, жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг навбатчилиги ташкил этилди. 

Байрам ўтказиладиган жойлар атрофидаги субъектлар, аҳоли турар жойлари ҳамда бошқа масканларнинг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилди. Натижада ёнғин содир этилиши мумкин бўлган беш юздан зиёд бино ва иншоот аниқланиб, тегишли чора кўрилди. 

Профилактика инспекторларининг жиноятга олиб келадиган сабаб ва ҳолатларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг ўтган ойларида 2300 га яқин маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Наврўз айёми олдидан бу йўналишдаги ишлар янада кучайтирилди. Айни пайтда ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада, айниқса, мамлакатимизнинг чегара ҳудудларида ҳушёрлик ва огоҳликка чорловчи тарғибот-тушунтириш тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соғлом ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш мавзуларидаги учрашувлар, суҳбатлар шулар жумласидандир. 

Хавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли “Тозалаш” тадбири уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Тадбир давомида аниқланаётган ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир. 

Шу кунгача мулкчилик шаклидан қатъи назар 7 миллионга яқин объект кўздан кечирилди. 192 мингга яқин объектда турли камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. 

Байрам кунлари йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, светофор ва йўл чизиқларини янгилаш юзасидан салмоқли ишлар бажарилди. Энг муҳими, кўчаларимизда қоидабузарликлар тобора камаймоқда. Бунда йўл ҳаракати қоидалари такомиллаштирилгани, соҳага замонавий ахборот-коммунакация технологиялари жорий этилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир. Чунки бу транспорт оқимини кузатиш, уларни тартибга солиш, қоидабузарликларни тезкор аниқлаш имконини бермоқда. 
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1